Айрим фойдаланувчиларнинг Humans иловаси орқали пуллари ўғирланган бўлиши мумкин

09.12.2025 11:38

1 476

Ижтимоий тармоқларда Humans иловасига бириктирилган банк карталаридан фойдаланувчиларнинг рухсатисиз пуллар ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатдан жабр кўрган юзлаб фуқаролар Телеграм тармоғида гуруҳ очишган. Улар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ОАВларга шикоят қилишганини айтишмоқда.

Фотоскрин: Потребитель.уз

Ўтган дам олиш кунлари ижтимоий тармоқлар, хусусан Facebook'даги "Потребитель.уз" гуруҳида Humans илова фойдаланувчиларининг мазкур иловага бириктирилган турли банк карталаридан уларнинг розилигисиз (хабарисиз) пул ўтказмалари содир бўлаётганлиги тўғрисида хабарлар қўйила бошлади.

Хабарлардан бирининг скриншоти / Facebook - Потребитель.уз

Мазкур хабарлар изоҳидаги фойдаланувчиларнинг ёзишича, картадан маблағ ечилгани ҳақидаги хабарнома Humans иловасида барчага ҳам чиқмаган. Шу боис, айримлар пул ечилганини фақатгина карталари уланган бошқа иловалар орқали билиб қолишган. Бу эса ҳолатнинг кўламини янада кенгроқ эканини кўрсатмоқда.

Карталаридан пул ечиб олингани бўйича скриншотлар / Ижтимоий тармоқлар

Кейинчалик, кун охирига келиб, Humans айрим мижозларга СМС юбориб, хавфсизлик чоралари сифатида паролни дарҳол алмаштириш ва карталарни иловадан вақтинчалик ажратиб қўйиш каби тавсияларни берган.

Компания алоқа боти вакили ўртасидаги суҳбатлардан бири, скриншот: STOP Humans / Telegram

Podrobno.uz нашри мазкур масала юзасидан Humans техник қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланган. Компания вакилларининг маълум қилишича, фойдаланувчилар аккаунтига ноқонуний кириш билан боғлиқ фирибгарлик схемаси аниқланган бўлиб, айрим аккаунтларга рухсатсиз кириш ва мижоз розилигисиз пуллик амалиётларни амалга ошириш ҳолатлари содир бўлган.

Компания барча йиғилган маълумотлар тегишли давлат органларига топширилган ва расмий тергов бошланганини маълум қилган. Бироқ, ҳозирга қадар оммавий расмий баёнот эълон қилинмаган.

Шунингдек, Telegram ижтимоий тармоғида Humans иловаси орқали карталаридан пул йўқолгани ҳолатидан жабр кўрганлар ўзаро ташаббуси билан "STOP Humans" очилиб, (мақола ёзилаётган пайтда 160 та фойдаланувчиси бор), гуруҳ фойдаланувчилари ҳам бу каби ҳолатлар ҳақида кетма-кет хабарлар юборишмоқда.

Гуруҳ фойдаланувчилари бир нечта оммавий ахборот воситаларига ҳам мурожаат қилганини билдиришган.

Скриншот: STOP Humans / Telegram

Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёзида Octobank Humans'ни судга бериб, ундан 500 млрд сўм молиявий зарарни ундириш бўйича судда ютиб чиққани хабар берилганди. Шунингдек, яқинда Азия Альянс банк ҳам Азия Альянс банк "шартномалар шартлари мунтазам равишда бузилганлиги ва ўз зиммасига олинган мажбуриятлар бажарилмаганлиги" сабабли Humans ва Humans Companies компаниялар гуруҳини судга берди. Банк улардан 65 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундиришни сўрамоқда.

Bankers.uz вазият бўйича қўшимча ахборот бериб боради.

Теглар:

#Humans

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган