2025 йилнинг 13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида "Octobank АЖ ва "Humans" МЧЖ ўртасидаги иқтисодий иш бўйича ҳал қилув қарори эълон қилинди. Суд қарорига кўра, "Humans" МЧЖнинг зиммасига банк олдидаги қарздорликни қоплаш мажбурияти юклатилди.
"Octobank" АЖ ушбу ҳал қилув қарорини ўзининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам деб билади ва барча ҳамкорлар билан шаффоф, адолатли муносабатларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлайди, дейилади банк хабарида.
Маълумот учун, 2020 йилдан бери Octobank ва Humans компанияси ўртасида молиявий хизматни биргаликда амалга ошириш бўйича ҳамкорлик жорий йил 13 июнь санасидан расман тўхтатилгани маълум бўлганди.
"Octobank" АЖ бунга сабаб сифатида банк шартнома шартларини лозим даражада бажариб келган бўлса-да, бироқ "HUMANS" МЧЖ томонидан амалга оширилган клиринг операциялари бўйича қарздорлик ва кўрсатилган хизматлар учун комиссия қопланмасдан келаётганини келтирган.
Шунингдек, Octobank Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар "Octobank" АЖнинг жавобгар "HUMANS" МЧЖдан жами 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш ва етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий иш кўриб чиқилаётганини айтганди.
Бунга жавобан Humans компанияси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, хизматни тўхтатиш бўйича қарор бир томонлама қабул қилингани ва компания Octobank шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани учун унга қарши даъво тайёрлаётганини маълум қилганди.
13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида иш кўриб чиқилиб, "Humans" МЧЖнинг зиммасига банк олдидаги қарздорликни қоплаш мажбурияти юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистонда "Humans" брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг "Humans Mobile" компанияси Ўзбекистонга қарши арбитраж ишини бошлагани маълум бўлганди. У давлат органлари, жумладан, Марказий банк ва "O'zbektelecom"ни компания ҳуқуқларини бузишда айблаган.
Кейинчалик, "O'zbektelecom" мазкур вазият бўйича расмий муносабат билдириб, Humans "O'zbektelecom" мобил алоқа тармоғидан фойдаланиб, даромад олишда давом этган бўлса-да, ўз мажбуриятларини тўлашни кечиктираётганини маълум қилган эди.