2025 йил 27 ноябрь куни InFinBank акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда бир нечта масала, хусусан банкнинг амалдаги бошқарув раиси билан меҳнат шартномасини якунлаш ҳамда бошқарувга янги раҳбар тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
“Invest Finance Bank” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида 2024 йил январь ойидан бери ишлаб келаётган Ольга Леонидовна Нуманова томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур лавозимни тарк этди. Бошқарув раиси лавозимига шу кунга қадар раиснинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Бахтиёржон Самадович Джураев тайинланди. Амалдаги тартибларга кўра, Б.Джураевнинг тайинлови Марказий банк билан келишилгандан сўнг, расман кучга киради. Унга қадар, у бошқарув раиси в.б. сифатида фаолият олиб боради.
Бахтиёржон Джураев 1982 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. 2003 йилда Қарши давлат университетини, 2006 йилда Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетини тамомлаган. Ихтисослиги бўйича иқтисодчи, банк иши ва молия мутахассиси.
Б.Джураев меҳнат фаолиятини банк соҳасида 2001 йилда бошлаган. Фаолияти давомида Hamkorbank ва InFinBank'да турли лавозимларда, шу жумладан раҳбарлик лавозимларида ишлаган. InFinBank тизимидаги фаолиятини 2015 йилда Қашқадарё вилоят филиали бошқарувчиси сифатида бошлаган.
Кейинчалик бошқарув раиси ўринбосари, сўнгра - 2024 йил бошида “InFinBank” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган, кейинроқ бир муддат бошқарув раиси маслаҳатчиси сифатида ишлаб, 2025 йил сентябрь ойидан раиснинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.
