UZCARD тўққиз ойда 930 млрд сўм соф фойда олди

29.10.2025 09:13

279

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ (UZCARD) жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра қарийб 930 млрд сўм (тахминан 77 млн доллар) соф фойда олди. Компания фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ўсган.

Фото: UZCARD

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари бўйича (III чорак) молиявий ҳисоботини эълон қилди.

Скриншот: openinfo.uz

Ҳисоботга кўра, компаниянинг асосий воситалари 266 млрд сўмни, жами активлари миқдори эса 1 030 млрд сўмни ташкил қилади.

III чорак якунлари бўйича UZCARD'нинг капитали қарийб 800 млрд сўмни ташкил қилиб, шундан 738,86 млрд сўм тақсимланмаган фойда ҳисобланади.

Даромадлар

Ҳисобот даврида компания асосий фаолиятидан олинган даромади 1,52 трлн сўмни, давр учун умумий соф фойдаси эса 929,97 млрд сўмни (тахминан 76,9 млн АҚШ долларини) ташкил қилган. Жамиятнинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даври (660,5 млрд сўм)га нисбатан 40,7 фоизга ўсган.

Компаниянинг банклар ва бошқа юридик шахслардан олиши керак бўлган маблағлари (дебитор қарздорлиги) 257,02 млрд сўмни ташкил қилган.

Харажатлар

Ҳисобот даврида компания 155,51 млрд сўм ходимларга харажат қилган. Шундан 101,08 млрд сўми ойлик иш ҳақи, 46,81 млрд сўми мукофот пуллари ҳисобланади. Ушбу даврда компанияда 657 нафар ходим ишлаганини ҳисобга олиб, бир нафар ходимга компания ўртача (9 ойда) 225,10 млн сўм тўлаган.

Асосий бошқарув ходимлари Бош директор, Бош директор ўринбосари ва Кузатув Кенгаши аъзолари учун (жами 10 киши) 21,02 млрд сўм миқдорида мукофот тўланган.

Компания ижрочи органи ваколатлари 2024 йил июль ойида UCMG МЧЖга берилган эди. 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари учун бошқарув компаниясига 42,16 млрд сўм (ойига 4,68 млрд сўмдан) тўлаган. Бу харажатлар профессионал хизматлар ва офис харажатлари таркибида кўрсатилган. Даврий харажатларда кейинги ўринда маҳсулотларни реклама қилиш ва мижозларни жалб қилиш харажатлари (123,98 млрд сўм), эскириш харажатлари (55,09 млрд сўм) туради.

Ҳисобот даврида компания 4,41 млрд сўм фойда солиғи тўлаган. Компания 2019 йил 3 мартдан бери IT-Park резиденти ҳисоблангани учун қатор солиқ имтиёзларига эга. IT-Park учун 27,08 млрд сўм тўлов тўлаган.

Компания ўзига алоқадор томонларга бозор ставкасидан пастроқ ставкада кредит берган. Ҳисобот даврида берилган кредитлар бўйича 13,41 млрд сўм зарарни тан олган.

Аввалроқ, UZCARD жорий ярим йилда қарийб 622 млрд сўм соф фойда олгани ҳақида ёзгандик. Бундан келиб чиқадики, компания ҳар чоракда тахминан 300 млрд атрофида соф фойда олмоқда ва катта эҳтимол билан 2025 йил якунларига кўра UZCARD соф фойдаси 1,2 трлн сўмдан кўпроқ бўлади.

Теглар:

#uzcard

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган