Микромолия ташкилотларига исломий молия хизматларини кўрсатишга рухсат берилди

22.10.2025 08:41

269

Ўзбекистонда микромолия ташкилотлари билан бирга ломбардлар ва факторинг ташкилотларига ҳам исломий молия хизматларини кўрсатишга рухсат берилди. Низомга киритилган ўзгартиришларга кўра, нобанк кредит ташкилотлари музораба, муробаҳа, мушорака ва салам каби исломий молия хизматларини кўрсатиши мумкин.

Фото: muslim.ru

Марказий банк бошқаруви “Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги сонли қарорни қабул қилди. Қарорга биноан, мазкур низом микромолия ташкилотлари ва ломбардлар билан бирга факторинг ташкилотларини ҳам қамраб олади.

Қарорга кучга киргач, юқорига нобанк кредит ташкилотлари қуйидаги исломий молиялаштиришга оид хизматларни ҳам кўрсата олади:

  • музораба — фойдани тақсимлашга асосланган молиялаштириш;
  • муробаҳа — насия савдога асосланган молиялаштириш;
  • мушорака (шерикчилик) — фойда ва зарарларни тақсимлашга асосланган молиялаштириш;
  • салам — олдиндан тўловга асосланган молиялаштириш.

Эндиликда микромолия ва факторинг ташкилотлари ҳамда ломбардлар капиталининг етарлилик коэффициенти жами хусусий капиталининг жами активларига нисбати орқали ҳисобланади. Айни пайтда ушбу коэффициент 10 фоиздан кам бўлмаслиги назарда тутилган. Буни ҳисоблашда ташкилотлар томонидан юридик шахслар устав капиталига қилинган инвестициялар жами активлар ва хусусий капиталдан чегирилади.

Низомга кўра, бир қарз олувчи ёки ўзаро боғлиқ қарздорлар гуруҳига доир таваккалчилик ташкилот хусусий капиталининг 25 фоизидан, ташкилотга алоқадор бўлган барча шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг кўп миқдори эса 50 фоизидан, барча йирик таваккалчиликлар йиғиндиси эса 5 баробаридан ошмаслиги белгиланди.

Ташкилотлар ҳар ой Марказий банкка анъанавий молиявий ва назоратга оид ҳисоботлар билан бирга исломий молиялаштиришга оид тўртта — муробаҳа, исломий ижара, салам, музораба ва мушоракага оид ҳисоботлар топшириш шарт.

Мазкур қарор 17 октябрда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган ва эълон қилинган кундан уч ойдан кейин кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистонда ислом банкини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган эди.

Аввалроқ "TAYYAB FINANCE MIKROMOLIYA TASHKILOTI" ташкилоти микромолия банкига трансформация бўлиш учун Марказий банкдан дастлабки рухсатнома олганини хабар қилган эдик.

Марказий банк маълумотларига кўра, 127 та компанияда микромолия ташкилоти, 92 та компанияда ломбард фаолиятини амалга ошириш лицензияси мавжуд.

Теглар:

#исломмолияси#ислом#микромолия

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган