Олий Мажлис депутатлари Марказий банкка парламент сўрови юборди — видео

22.07.2025 14:33

223

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида бир нечта масала бўйича Марказий банк раиси Тимур Ишметовга парламент сўрови юборишга қарор қилинди. Хусусан, депутатлар давлат банкларини хусусийлаштириш нима учун суст кетаётгани борасида тушунтириш беришни сўраган.

Фото: Bankers.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида “Банк тизимини ислоҳ қилиш ҳамда банкларни трансформация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Шарофиддин Назаров / Фото: Қонунчилик палатаси

Парламент йиғилиши муҳокамасида Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров бу сўров нима мақсадда жўнатилаётганини тушунтирди.

Парламент матбуот хизматининг маълум қилишича, банк секторини тубдан трансформация қилиш мақсадида қабул қилинган "2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси" доирасида тизимли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, таҳлиллар банк секторида давлат улуши юқори даражада сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

"Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Алоқабанкларда давлат улушини хусусийлаштириш анча суст кетаётганлиги кўзга ташланмоқда", — деди Шарофиддин Назаров.

Шунингдек, хусусий банклар активларининг банк сектори активлари умумий ҳажмидаги улуши ҳам стратегияда 2025 йил учун белгиланган мақсад кўрсаткичларидан пастлигича қолмоқда.

Парламент сўрови муҳокамасида депутатлар банкларни трансформация қилишдаги бундай ҳолатлар тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг замонавий банк хизматларига бўлган талабларини қондиришга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, бугунги кунда янги ташкил этилган кредит ташкилотларининг асосий қисми Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида жойлашганлиги сабабли, қишлоқ ҳудудларида уларнинг хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган. Бу эса банк ва молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш ҳамда бундай хизматларнинг барча аҳоли пунктларида кўрсатилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини талаб этмоқда.

Шунингдек, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар банк карталари орқали фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган чоралар, хусусан банк тизимида замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини лозим даражада таъминлаш борасида ҳам тезкор чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, банкларни трансформация қилиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг замонавий банк хизматларига бўлган талабларини қондириш, банк ва молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Т. Ишметовга ушбу масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мажлисда иштирок этган 120 нафар депутатдан 119 нафари сўров жўнатишни маъқуллаган, 1 нафар депутат овоз бермаган.

Эслатиб ўтамиз, "2020−2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси"да бир қанча мақсадли кўрсаткичларга эришиш кўрсатилган бўлиб, банк тизими активларининг умумий ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари улушини 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш мақсад қилинган эди.

Аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга давлат банкларини хусусийлаштиришни "ортга сурмасликни" тавсия қилганди.

Шунингдек, апрель ойида Fitch Ratings агентлиги вакили Ўзбекистоннинг учта йирик давлат банки — Алоқабанк, Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанкни хусусийлаштириш ишлари кечиктирилиши мумкинлигини таъкидлаганди.


Теглар:

#парламент#депутат#хусусийлаштириш

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган