Давлат банкларини хусусийлаштиришни ортга сурмаслик зарур — ХВЖ

24.04.2025 20:06

321

Халқаро Валюта Жамғармаси 2025 йил учун Ўзбекистон иқтисодиётига ва банк-молия соҳасига оид хулосаларини эълон қилди. Баённомада ХВЖ тизимли аҳамиятга молик давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш кераклигини айтган, шунингдек Марказий банкка қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришни тавсия қилган.

Фото: Sora

Жорий йил апрель ойида Халқаро Валюта Жамғармаси Ўзбекистондаги 2025 йилги IV модда миссиясини якунлаб, мамлакат иқтисодиётига оид хулосаларини эълон қилди. Баённомада давлат банкларини хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш, қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш кераклиги тавсия этилган.

Пул-кредит сиёсати ва валюта курси

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон Марказий банки инфляция 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга яқинлашгунга қадар қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолиши керак, деб ҳисоблаган.

"Яқинда инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг ўсишига жавобан асосий ставканинг ошиши Ўзбекистон Марказий банкининг мавжуд босимга қарши туришга тайёрлигидан далолат беради. Пул-кредит сиёсатида, агар базавий инфляция ёки инфляцион кутилмалар пасаймаса, бундан буён ҳам ҳақиқий маълумотларга таяниш ва уларни қатъийлаштириш лозим", дейилади баённомада.

Бундан ташқари, баённомада календар йили давомида нейтраллик тамойилига риоя қилиш алмашув курсининг мослашувчанлигига ёрдам бериши айтилган.

Ликвидликни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, захира талаблари тизимини модернизация қилиш, шунингдек, банк секторида давлатнинг ролини қисқартириш ва даражаси юқори бўлган долларлашувни пасайтириш орқали пул-кредит сиёсатининг таъсирини кучайтириш ишларини давом эттириш лозим.

Давлат банкларини хусусийлаштириш ҳақида

Жамғарма расмий органлар (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ва б. - таҳр.) давлат банкларини ислоҳ қилишни давом эттириши ва уларни хусусийлаштиришни тезлаштириши керак деб ҳисоблайди. Бу молиявий барқарорлик ва ресурсларни самарали тақсимлашга ёрдам беради.

Давлат банклари фойда олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши, нотижорат операциялари билан боғлиқ ҳар қандай харажатлар эса бундай операциялар босқичма-босқич тўхтатилгунга қадар бюджет ҳисобидан тўлиқ ва шаффоф асосда қопланиши керак.

Давлат қарамоғидаги банкларда корпоратив бошқарув тизимини мустаҳкамлаш уларнинг тижорат фаолиятини рағбатлантиради, хусусийлаштириш учун шарт-шароитлар яратади, давлат корхоналарини қайта ташкил этишга кўмаклашади, пул-кредит сиёсати таъсирининг ўтказилишини кучайтиради ва хусусий сектор учун кредитлар оммабоплигини оширади.

"Банк тизимини ислоҳ қилишнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясида кўзда тутилган банк тизими активларида давлат улушини 40 фоизгача камайтириш учун давлат қарамоғидаги банкларни хусусийлаштиришни жадаллаштириш зарур. Бундан ташқари, миссия тизимли аҳамиятга эга банкларни ихтисослашган давлат банклари сифатида сақлаб қолиш бўйича жорий режаларни амалга оширмасликни тавсия қилади, чунки бу бюджет учун молиявий хатарлар ва харажатларни ошириши мумкин", дейилади баённомада.

Жамғарма мамлакат банк назоратини халқаро стандартларни жорий этиш орқали кучайтириш лозимлигини қайд этган. Ўзбекистон Марказий банки молиявий барқарорлик учун юзага келадиган хатарларни диққат билан кузатиб боришни давом эттириши ва уларни бартараф этишга тайёр бўлиши керак. 2023-2024 йилларда макропруденциал чора-тадбирларнинг жорий этилиши аҳоли кредитлари ўсишининг секинлашишига олиб келди ва банкларни қарз олувчиларнинг кредит қобилиятига кўпроқ эътибор қаратишга ундади.

Шунга қарамай, микрокредитлаш сегменти тез ўсиб бормоқда, чунки микроқарзлар ва микрокредитлар камроқ қатъий шартларда тақдим этилмоқда.

Молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар ижобий баҳоланишга лойиқ бўлса-да, улар банкларнинг кредитга лаёқатлилигини тўғри баҳолаш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмаслигига ишонч ҳосил қилиш керак, чунки бу молиявий барқарорлик учун хатарларни кучайтириши мумкин. Шу сабабли, МБ ушбу рискларни чеклаш учун рискка йўналтирилган назоратни кучайтириши ва зарур ҳолларда капиталга қўшимча талаблар ёки бошқа мажбурий макропруденсиал нормативларни жорий этиши лозим.

Шунингдек, МБ хежланмаган корпоратив қарз олувчиларни валютада кредитлаш, расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахсларни ва тўловга қобилиятсизлик ёки ноликвидлик хавфи юқори бўлган корпорацияларни кредитлаш билан боғлиқ хатарларни бартараф этиши лозим. Имтиёзли ва директив кредитлашдан воз кечиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолаётгани айтиб ўтилган.

Маълумот ўрнида, Марказий банк ўтган йил охирида еттита банкка тизимли аҳамиятга эга мақомини берган эди. Рўйхатга бешта давлат ва иккита хусусий банк киритилган бўлиб, улар 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон банк тизимидаги барча активларнинг 67 фоизига эгалик қилган. 2025 йилда "Агробанк," "Асакабанк," "Ипотека-банк," "Капиталбанк," Халқ банки, Миллий банк ва "Ўзсаноатқурилишбанк" тизимли аҳамиятга эга банклар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, ХВЖ ўтган йили давлат банкларини ислоҳ қилиш устувор вазифа бўлиши кераклиги ҳақида баёнот берган эди.

Теглар:

#ХВЖ#хусусийлаштириш

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган