2025 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлар доирасида ипотека кредитлари бўйича субсидия хабарномаларининг фойдаланилмаган қисми ҳисобидан аризалар 2025 йил 10 июль куни соат 09:00 дан бошлаб қабул қилинади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги хабар берди.
Субсидия олиш учун қуйидаги усуллардан бирини танлаган ҳолда ариза топшириш мумкин:
- Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш орқали;
- Электрон тарзда my.gov.uz портали орқали қуйидаги ҳавола орқали.
Субсидия олиш учун ариза берувчининг ижтимоий мезонлар асосида камида 30 балл тўплаган бўлиши лозим.
Ариза берувчи ва унинг яқин қариндошларининг (бунда яқин қариндошлар аризада кўрсатилган ҳолларда) ўртача даромад миқдори қуйидаги чегараларда бўлиши зарур:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда: МҲТЕКМнинг 2,7 баравардан (3 118 500 сўм) – 8 бараваргача (9 240 000 сўм);
- Тошкент шаҳрида: МҲТЕКМнинг 2,7 баравардан (3 118 500 сўм) – 9,2 бараваргача (10 626 000 сўм).
Ариза берувчи, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи номида бутун республика бўйлаб мулк ҳуқуқи асосида турар жой мавжуд бўлмаслиги лозим.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар алоҳида мезонлар асосида баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 21 февралдаги фармонига кўра, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сони 2025 йилда ўтган йилгига нисбатан 1,5 бараварга оширилиши ҳамда дастур доирасида 30 минг нафар талабгорларга ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратиш белгилангани ҳақида хабар берган эдик.