Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлари доирасида аризаларни 3 март куни соат 09:00 дан бошлаб жўнатиш мумкин. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Президентнинг 21 февралдаги фармонига кўра, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сони ўтган йилгига нисбатан 1,5 бараварга оширилади ҳамда дастур доирасида 30 минг нафар талабгорларга ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратиш белгиланмоқда.
Аризаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал (my.gov.uz) орқали топшириш мумкин. Бунда ариза берувчи хоҳиши билан унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадлари киритилиши мумкин.
Шунингдек, аризачи ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари) ўртача даромади қуйидагича интервалда бўлиши керак:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача (ҳозирда 3,11 млн — 9,24 млн сўм);
- Тошкент шаҳрида — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7−9,2 баравари (ҳозирда 3,11 млн сўм — 10,62 млн сўм).
Ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги лозим.
Аввалроқ, 2024 йилда ипотека кредитлари бўйича энг кўп субсидия тўлаган банклар маълум бўлганди. 2024 йилда ипотека кредитлари учун бюджетдан ажратилган субсидия тўловларининг 60 фоизи учта банк — Ўзмиллийбанк, Ипотека банк ва Халқ банки ҳиссасига тўғри келган.