Ипотека субсидияларини олишда ариза берувчиларнинг шароитини баҳолаш мезонлари ва субсидия фоизларига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда 11 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Эндиликда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия берилмайди. Субсидиялар фақат уй-жой сотиб олишда қўлланилади.
Аризаларни қабул қилиш subsidiya.idm.uz махсус платформасида амалга оширилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, аризалар автоматик тарзда платформага йўналтирилади. ДХМ мурожаатчилар аризаларини қабул қилиб олгандан кейин бир соат ичида тизимга киритиши керак бўлади.
Мурожаатларни баҳолашда эндиликда ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғининг даромадлари билан бир қаторда кафил бўлган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам ҳисобга олинади. Баҳолаш учун 12 ойгача бўлган даврдаги ўртача даромад кўриб чиқилади.
Субсидия ажратишда ариза берувчилар қуйидаги мезонларга кўра баҳоланади:
Фото: Вазирлар Маҳкамаси қарори
Фото: Вазирлар Маҳкамаси қарори
Субсидиялар олиш учун аризаларнинг мезонларга мувофиқлигини баҳолаш билан шуғулланувчи ташкилотлар таркиби ҳам ўзгармоқда ва жараён 14 иш кунидан 5 иш кунигача тезлаштириляпти. Тиббиёт муассасалари ва хотин-қизлар билан ишлаш бўлимлари жараёндан четлаштирилди.
Ариза берувчининг мурожаатда кўрсатилган маълумотлари тўғрилиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги ва Бандлик вазирлиги тизимлари томонидан автоматик тарзда тасдиқланади. Баҳолаш солиқ органлари ҳамда иқтисодиёт ва молия бўлимлари томонидан амалга оширилади.
Субсидиялар қоплайдиган фоизлар миқдори ўзгаради. Янги кредитлар бўйича йиллик 12 фоиздан юқори бўлган қисми, 2025 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори қисми компенсация қилинади.
Буюртманомалар тегишли тижорат банкларининг Бош офиси орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади ва вазирлик 5 иш куни ичида уни тўлаб беради. Илгари тўловлар ҳисобот ойининг 25-кунига қадар амалга ошириларди.
Эслатиб ўтамиз, келгуси йилда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга бюджетдан 2,5 трлн сўм ажратилиши прогноз қилинаётгани ҳақида хабар берган эдик.