"Octobank" АЖ Humans VISA карталари бўйича амалиётлар 2025 йил 13 июнь куни соат 18:00 дан бошлаб тўхтатилганини маълум қилган эди. Humans компанияси ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Маълум бўлишича, мазкур қарор банк томонидан бир томонлама тартибда қабул қилинган.
"Humans компанияси "Octobank" АЖ шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани учун унга қарши даъво тайёрламоқда. Humans VISA карталари эгаларининг мурожаатлари банк томонидан умуман эътиборсиз қолдирилган ёки жиддий кечикишлар билан кўриб чиқилганлиги каби юзлаб қоидабузарликлар қайд этилган", дейилади расмий муносабатда.
Humans'га кўра, гап банкнинг асосий операцион жараёнларининг яроқсизлиги туфайли Humans VISA’нинг якуний фойдаланувчилари азият чеккани ҳақида кетмоқда.
Humans VISA мижозлари манфаатларини кўзлаб, Humans бу масалаларни бир неча бор кўтарган, вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилган, аммо банк эмитент вазифасини бажара олмаслигини доимий равишда тасдиқлаган.
Компаниянинг балдиришича, пул маблағлари мижозлар ҳисобида тўлиқ қолади ва улардан, жумладан, Humans алоқа хизматларини тўлаш учун фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, Humans’нинг барча сервислари одатдагидек чекловларсиз ишлашда давом этаётгани билдирилди.
- уяли алоқа хизматлари ва ҳисобни тўлдириш;
- иловада картадан-картага P2P ўтказмалари;
- хизматлар учун иловада тўлаш;
- Humans Яхши бозорларидан яхши маҳсулотларни етказиб бериш;
- Humans Market маҳсулотлар бозори;
- Humans for Humans ёрдам платформаси.
Эслатиб ўтамиз, "Octobank" АЖ "HUMANS" МЧЖ билан ўзаро ҳисоб-китоблар (клиринг)га хизмат кўрсатиш ва "HUMANS" молиявий хизмати доирасида чиқарилган карталар бўйича операцияларни амалга ошириш тўхтатилиши тўғрисида расман маълум қилган эди. Octobank бундай қарор "HUMANS" МЧЖ томонидан шартномавий муносабатларнинг мунтазам равишда бузилиши ва қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги сабабли қабул қилинганини билдирган.
Маълумот ўрнида, “Humans Mobile PTE LTD” компанияси Ўзбекистон давлат органлари ва идоралари, шу жумладан Марказий банкига нисбатан арбитраж жараёнларини бошлаш учун 2025 йил 20 майда халқаро марказга ариза киритганди.