"Octobank" АЖ "HUMANS" МЧЖ билан ўзаро ҳисоб-китоблар (клиринг)га хизмат кўрсатиш ва "HUMANS" молиявий хизмати доирасида чиқарилган карталар бўйича операцияларни амалга ошириш тўхтатилиши тўғрисида расман маълум қилди.
Хизматни ўчириш 2025 йил 13 июнь куни соат 18:00 дан бошланади.
Бундай қарор "HUMANS" МЧЖ томонидан шартномавий муносабатларнинг мунтазам равишда бузилиши ва қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги сабабли қабул қилинди.
Хабарда қайд этилишича, 2020 йилдан бери томонлар ўртасида молиявий хизматни биргаликда амалга ошириш бўйича келишув амал қилиб келган бўлиб, унда "Octobank" АЖ (собиқ "Ravnaqbank" АЖ) ҳамкор сифатида иштирок этган. "Octobank" АЖ шартнома шартларини лозим даражада бажариб келган бўлса-да, бироқ "HUMANS" МЧЖ томонидан амалга оширилган клиринг операциялари бўйича қарздорлик ва кўрсатилган хизматлар учун комиссия қопланмасдан келмоқда.
Шунингдек, ҳозирда Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар "Octobank" АЖнинг жавобгар "HUMANS" МЧЖдан жами 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш ва етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иқтисодий иш кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.
"HUMANS" МЧЖ билан ўзаро ҳамкорликни тўхтатиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади, дейилади расмий хабарда.
Банк яна бир хабарида қўшимча қилинишича, мижозларнинг амалдаги "Humans" кобренд карталаридаги пул маблағлари "HUMANS" молиявий сервисидаги абонентларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиади. Шу сабабли, ушбу маблағларнинг ҳисоби ва қолдиғи "HUMANS" МЧЖнинг ҳисобварақларида юритилади.
Пул маблағларини қайтариш зарурати туғилганда, "HUMANS" МЧЖга мурожаат қилиш лозим, дейилади банк хабарида.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Humans компанияси Ўзбекистон бўйлаб Humans Visa карталари вақтинча ишламаётганини, бунга карта эмитенти бўлган Octobank айбдор эканини иддао қилган эди (мазкур хабар кейинчалик компания сайтидан ўчириб ташланган).
Octobank бунга жавобан Humans карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатиш мажбурий бўлганини тушунтириб, улар орқали шубҳали транзакциялар фаоллиги қайд этилгани маълум қилганди. Банкнинг таъкидлашича, мижозларнинг маблағларини ҳимоя қилиш учун операциялар вақтинча чекланган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистонда "Humans" брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг "Humans Mobile" компанияси Ўзбекистонга қарши арбитраж ишини бошлагани маълум бўлганди. У давлат органлари, жумладан, Марказий банк ва "O'zbektelecom"ни компания ҳуқуқларини бузишда айблаган.
Кейинчалик, "O'zbektelecom" мазкур вазият бўйича расмий муносабат билдириб, Humans "O'zbektelecom" мобил алоқа тармоғидан фойдаланиб, даромад олишда давом этган бўлса-да, ўз мажбуриятларини тўлашни кечиктираётганини маълум қилган эди.