"Click" АЖ 2025 йилнинг ўтган уч ойи давомида 73,2 млрд сўм соф фойда олиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,1 фоизлик ўсиш қайд этди. Бу ҳақда компания Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, январь-март ойларида компания соф тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 40 млрд сўмга ошиб (+30,7 фоиз), 169,6 млрд сўмни ташкил қилган.
Ўз навбатида, компания харажатлари 88,3 млрд сўмга (+32,7 фоиз) тенг бўлди. Шундан, 52,07 млрд сўм реализация харажатлари, 18,2 млрд сўм маъмурий харажатлар учун йўналтирилган.
Тегишли даврда Click активлари 16,7 млрд сўмга ошди ва 356,9 млрд сўмга етди. Шунингдек, компания устав капиталини 20 млрд сўмга етказишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил I чоракда Click'нинг асосий рақобатчиси — Payme компанияси 73,8 млрд сўм соф фойда олган эди.