Payme биринчи чоракни салкам 74 млрд сўм соф фойда билан якунлади

29.04.2025 09:13

283

"Payme" АЖ 2025 йилнинг биринчи чорагида 73,8 млрд сўм (тахминан 5,7 млн доллар) соф фойда олгани маълум бўлди. Компания молиявий натижаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 55 фоизга ўсган.

Фото: Payme

"Payme" АЖ 2025 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича молиявий натижаларини очиқлади. Унга кўра, тўлов ташкилоти уч ойда 73,8 млрд сўм соф фойда (амалдаги курс бўйича 5,7 млн доллар) олган. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 26 млрд сўмга ёки 55 фоизга кўпроқдир.

Ушбу даврда компания активлари 18 фоизга ортиб, 470,8 млрд сўмга етган. Компания устав капиталида ўзгариш юз бермаган - 10 млрд сўм.

Январь-март ойларида Payme'нинг мажбуриятлари 1,4 млрд сўмга камайган ҳолда 16 млрд сўмга тенг бўлган. Бундан ташқари, компания харажатлари 22,7 млрд сўмга ошган. Хусусан, реализация харажатлари 3,2 млрд сўмга ошган бўлса, маъмурий харажатлар 15,5 млрд сўмга ортган.

Маълумот учун, Payme 2024 йилнинг тўққиз ойида қарийб 187 млрд сўм соф фойда олганди. Компаниянинг йиллик молиявий натижалари махсус порталда очиқланмаган. Бироқ, 1 апрель ҳолатига компаниянинг тақсимланмаган фойдаси қарийб 444 млрд сўм экани қайд этилган.

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси "Payme" компаниясини устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб топганди.

Теглар:

#payme#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган