Click оддий акцияларни сотувга чиқариш орқали устав фондини 20 млрд сўмга етказади. Бу ҳақда корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.
Маълум бўлишича, компания номинал қиймати 1 минг сўм бўлган, 10 млн дона, умумий ҳажми 10 млрд сўм миқдордаги эгасининг номи ёзилган оддий, ҳужжатсиз шаклдаги қўшимча акцияларни чиқаради. Бу орқали жамиятнинг устав фонди 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмгача кўпайтирилади.
Акциялар Click акциядорларига имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини тақдим қилган ҳолда, ёпиқ обуна орқали қуйидагича жойлаштирилади:
- Рустамов Улугбек Шахзодович - 500 000 дона;
- Файзиев Рустам Муроджонович - 500 000 дона;
- Абдукадиров Баходир Мирагзамович - 500 000 дона;
- Азимов Иляс Улугбекович 3 500 000 дона;
- Гуламкадиров Азизилло Изотиллаевич - 2 500 000 дона;
- Азимов Илхом Улугбекович - 2 000 000 дона;
- Усманов Джахонгир Миржалилович - 500 000 дона.
"Акцияларни жойлаштиришнинг муддати – чиқарилаётган акциялар ваколатли давлат органи томонидан давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 365 кун", дейилади хабарда.
Orginfo сайтида келтирилган маълумотга кўра, Click'нинг асосий акциядори — Азимов Иляс Улугбекович компаниянинг 35 фоиз акцияларига эгалик қилади. Янги чиқарилаётган акцияларнинг ҳам асосий улушдори (35 фоизи) Азимов Иляс Улугбекович бўлади.
Маълумот учун: "Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом"га кўра, 2025 йилнинг 1 июлидан эътиборан тўлов ташкилоти устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори 20 миллиард сўмни ташкил этиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Click ўтган йилнинг тўққиз ойи давомида 179 млрд сўм соф фойда олган эди. Ўшанда компания соф фойдаси 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 37,5 фоиз кўпроқни ташкил қилган.