HUMO тўлов тизимига янги раҳбар тайинланди

11.03.2025 09:58

614

2023 йил сентябрь ойидан буён "Octobank" АЖ бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алексей Максимов "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими) бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. У тўлов тизимини 6 йилдан кўпроқ вақт бошқарган Шухрат Курбанов ўрнини эгаллайди.

Фото: ПЛАС Форум

"Миллий банклараро процессинг маркази" АЖга (HUMO тўлов тизими) Алексей Юрьевич Максимов тайинланди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.

Хабарга кўра, HUMO тўлов тизмига 5 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Шухратбек Курбанов (расмда ўнгда) билан меҳнат шартномаси 6 март санасидан тугатилган. Ш.Курбанов компаниянинг Кузатув кенгашидан жой олиши мумкин.

Алексей Максимов (расмда чапда) 2023 йил сентябрь ойидан бери "Octobank" АЖ бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. А.Максимов 1977 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1999 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини (ҳозирда ТАТУ), 2009 йилда Тошкент молия интститутини тамомлаган. Интернет саҳифаларидаги маълумотларга кўра, меҳнат фаолияти давомида (2000 йилдан буён) Ўзмиллийбанк тизимида бир неча йил фаолият юритган.

Янги бошқарув раиси билан 7 март санасидан бошлаб 3 йил муддатга меҳнат шартномаси имзоланиши белгиланган.

Шунингдек, жамият Кузатув кенгашининг ҳам янги таркибда тасдиқланган. Янги таркиб қуйидагича:

  • Баҳодиров Улуғбек Хожитураевич - "Ўзбекенгилсаноат" уюшмаси "ORANGE TEXTILE PROFI" директорининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари.
  • Курбанов Шуҳрат Равшанбекович;
  • Тошмуҳамедов Абдуқаҳҳор Абдурауфович - "Янги Кўкалдош" МЧЖ директори;
  • Фан Цзигуан;
  • Ли Цзицзянь.

Эслатиб ўтамиз, "Миллий банклараро процессинг маркази" акциядорлик жамияти (HUMO тўлов тизими)даги 100% давлат улушини "Paynet" АЖ 65 млн АҚШ долларига сотиб олганди.

Теглар:

#humo

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган