Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Махсус комиссияси томонидан Tenge Bank, Агробанк, шунингдек, “Ipoteka xizmati Group” МЧЖ ва “Tasfinance mikromoliya tashkiloti” МЧЖга нисбатан ишлар қўзғатилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Рақобат қўмитаси ўз ваколати доирасида оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилаётган реклама ахборотларининг реклама ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб бормоқда, деб ёзди қўмита ахборот хизмати.
Ўтказилган мониторинглар давомида “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан “Tenge Bank” АТБ, “Агробанк” АТБ, “Ipoteka xizmati Group” МЧЖ, "Tasfinance mikromoliya tashkiloti " МЧЖ XKга нисбатан Қўмита Махсус комиссияси томонидан ишлар қўзғатилган.
Қўзғатилган ишлар белгиланган тартибда кўриб чиқилгандан сўнг, якунлари юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинган.
Маълумот ўрнида, Рақобат қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинмаган ҳолатлар юзасидан банкларни фаол равишда жаримага тортиб келмоқда. Ўтган йил давомида Ипотека банк, AVO Bank, Ориент Финанс банк, Ipak Yo'li Banki, Universalbank, Hamkorbank, Davr Bank ва InFinBank’ларга, шунингдек, Ипотека банк ва Алоқабанкнинг Жиззах филиалларига нисбатан молиявий жарималар қўлланди.
Шунингдек, 2024 йил охирида Hayot Bank, Yangi Bank, Aloqa Bank, Asia Alliance Bank, Ўзсаноатқурилишбанк, Бизнесни ривожлантириш банки ва “Сash U" микромолия ташкилотига нисбатан Қўмита Махсус комиссияси томонидан ишлар қўзғатилди.