Реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан яна иккита банк жаримага тортилди

06.12.2024 12:33

310

Хусусий мактаб телеграм каналларидаги реклама ҳамда ташқи рекламаси учун паспортини расмийлаштирмаган Ипотекабанк Жиззах филиали ва Алоқабанк Жиззах филиалига “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 47-моддасига асосан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.

Фотоколлаж: Bankers.uz

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан Ипотека банк ва Алоқабанкнинг Жиззах филиалларига нисбатан молиявий жарима қўлланилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Хабарда келтирилишича, Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташқи реклама воситаларидаги қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Бундай ўрганиш ишлари жараёнида 4 та ҳолатда “Давлат тили ҳақида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Қонунлар ва Вазирлар Маҳкамасининг 428-сонли қарори талаблари бузилганлиги аниқланган.

Жумладан, Жиззах шаҳрида жойлашган хусусий мактаб телеграм каналларидаги реклама ҳамда ташқи рекламаси учун паспортини расмийлаштирмаган Ипотека банк Жиззах филиали ва Алоқабанк Жиззах филиалига “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 47-моддасига асосан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарималар қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган.

“Ўзбекистон ҳудудида реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги, шунингдек, ташқи рекламадаги таржима матни горизонтал ҳолда жойлаштирилиши, ҳарфлари ўлчами нисбатан кичик бўлиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак” дея эслатиб ўтди Рақобат қўмитаси.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг июль-октябрь ойларида Рақобат қўмитаси реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилинмаган ҳолатлар юзасидан Ипотека банк, AVO Bank, Ориент Финанс банк, Ipak Yo'li Banki ҳамда Universalbank, Hamkorbank, Davr Bank ва InFinBank’ларга нисбатан молиявий жарималар қўллаган эди. Юқоридаги вазият қўмита томонидан реклама қонунчилиги бузилган, деб топилган йил мобайнидаги тўққизинчи ҳолат ҳисобланади.

Теглар:

#ипотека-банк#алоқабанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган