Микроқарзлар бериш бўйича банкларга талаблар кучайтирилади

27.02.2025 16:34

529

Марказий банк тижорат банклари кредит портфелида микроқарзлар улушини 25 фоизгача чеклашни режалаштирмоқда. Регулятор аҳолига берилаётган автокредитлар ва микроқарзларнинг юқори суръатларда ўсиши банклар барқарорлиги учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин деб ҳисоблаган.

Фото: Review.uz

Марказий банк микроқарзлар бериш бўйича банкларга қўйиладиган талабларни кучайтирмоқчи. Бу ҳақда 25 февраль куни ўтказилган медиа-мулоқотда Кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш методологияси департаменти раҳбари Санжар Носиров маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, Марказий банк аҳолига берилаётган автокредитлар ва микроқарзларнинг юқори суръатларда ўсиши, қарз олувчилар даромадларидаги узилишлар, автомобилларнинг бозор қийматининг пасайишини банклар барқарорлиги учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин деб ҳисобламоқда.

Шу сабабли, тижорат банкларида автокредитлар сингари, кредит портфелида микроқарзлар улушини 25 фоизгача чеклашни режалаштирмоқда. Бунда регулятор Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар тажрибасига таянмоқда.

Регулятор маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида микроқарз олган фуқаролар сони 2 млндан ошган. Йил охирига келиб эса бу кўрсаткич 2,5 млн нафарга яқинлашган.

Санжар Носировнинг айтишича, ҳозирда 5 та банкда микроқарзлар 25 фоиздан юқори, улардан 3 таси янги банк эканлигини таъкидлаган. Шунингдек, Марказий банк 2 та банк билан музокаралар олиб бориб, кредит маҳсулотларини ўзгартиришга муҳлат берган.

Журналист Никита Макаренко ўзининг Telegram каналида TBC Bank ва ANORBANK'нинг кредит портфелининг 100 фоизини микрокредит ташкил этгани ҳақида ёзди. Бироқ, Марказий банк ОАВ билан учрашувда ушбу банклар рўйхатини очиқламаган.

Маълумот ўрнида, 2023 йилнинг сентябрь ойида Марказий банк банкларга автокредит бериш бўйича талабларни кучайтирган эди. Жорий этилган стандартларга кўра, банкларнинг кредит портфелида автомобил сотиб олиш учун кредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги керак. Бу кредитларнинг концентрацияси билан боғлиқ рисклар билан изоҳланган эди.

Натижада, 2024 йилнинг дастлабки 9 ойида автокредитлар миқдори 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 баробарга камайди. Биргина III чоракда ажратилган автокредитлар II чоракка нисбатан 16,9 фоизга ва 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга камайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилда аҳолига ажратилган микроқарзлар қолдиғи ҳажми 73 фоизга ортгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#Марказий_банк#микроқарз

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган