2024 йилда жисмоний шахсларнинг кредитлари қолдиғи ҳажми 19 фоизга, юридик шахсларнинг кредитлари қолдиғи ҳажми 10 фоизга ўсди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки томонидан статистик маълумот тақдим этилди.
Унга кўра, йил давомида жами кредитлар қодиғи 2023 йилга нисбатан 13 фоизга ошиб, 533 трлн 121 млрд сўмни ташкил этди.
Жисмоний шахсларнинг кредитлари қолдиғи
Жами кредит қолдиғида жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар улуши 31,5 фоиздан 33,3 фоизгача кўтарилган. 2024 йилда жисмоний шахсларнинг кредитлари қолдиғи 28 трлн 911 млрд сўмга ошиб, жами ҳажми 177 трлн 532 млрд сўм тенг бўлди.
Манба: cbu.uz
Қайд этиш керакки, йил давомида жисмоний шахсларнинг микроқарзлари қолдиғи ҳажми 73 фоизга ёки 17,8 трлн сўмга ортган ва жами 42,4 трлн сўмни ташкил қилган. Аҳолининг жами кредитлари қолдиғида микроқарзларнинг улуши 23,9 фоизгача етган. 2023 йилда бу кўрсаткич 16,5 фоизга тенг бўлганди.
Аҳолининг истеъмол кредитлари қолдиғи 9 фоизга ёки 3,8 трлн сўмга камайгани эътиборга моликдир. Мазкур кредитлар қолдиғининг аҳолининг жами кредитлардаги улуши 30 фоиздан 22,9 фоизгача камайган.
Шунингдек, таълим кредити қолдиғи 23 фоизга ўсган ва 5,86 трлн сўмга етган.
Бундан ташқари, аҳоли учун тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитлар қолдиғи 19 фоизга, ипотека кредитлари 16 фоизга ортган.
Жисмоний шахслар кредитлар қолдиғининг асосий қисмини (38,2 фоиз) ипотека кредитлари ташкил қилмоқда. Январь ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи ҳажми 67 трлн 730 млрд сўмга етган.
Юридик шахсларнинг кредитлари қолдиғи
2024 йилда юридик шахсларнинг кредитлари қолдиғи 32,8 трлн сўмга ортиб, жами 355 трлн 589 млрд сўмни ташкил қилди.
Манба: cbu.uz
Мазкур сегментда ҳам микрокредитлар қолдиғи ҳажмида сезиларли ўсиш кузатилган. Хусусан, юридик шахсларнинг микрокредитлари қолдиғи 224 фоизга ўсиб, 17,1 трлн сўмга етган. Бу юридик шахслар кредитлари қолдиғининг 4,8 фоизи деганидир. 2023 йилда микроқарзлар қолидиғи улуши 1,6 фоиз бўлган.
Шу билан бирга, лизинг ва факторинг хизматларининг қолдиғи ҳам 36 фоизга ошган. Банклараро кредитлар қолдиғи эса 39 фоизга камайган.
Кредит ташкилотлари бўлмаган юридик шахсларнинг кредитлари қолдиғи 7 фоизга ошган ва жами қолдиғи 330,2 трлн сўмга етган. Бу турдаги кредитлар қолдиғининг улуши юридик шахсларнинг кредитлари қолдиғида 92,6 фоизни ташкил қилади.