Микромолия банклари бир фуқародан кўпи билан 200 млн сўм омонат жалб қилиши мумкин бўлади

Микромолия банклари бир фуқародан кўпи билан 200 млн сўм омонат жалб қилиши мумкин бўлади

Санжар Носиров / Фото: Дарё

Ўзбекистонда фаолиятига рухсат берилиши кўзда тутилаётган янги банк шакли — микромолия банкларига кредит ва омонатлар миқдорлари бўйича ва бошқа айрим чекловлар ўрнатилади. Бу ҳақда бугун Марказий банкда Халқаро Молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда "Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта корхоналарни молиялаштиришни барқарор ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш" мавзуда бўлиб ўтаётган семинарда Марказий банк Департамент директори Санжар Носиров маълум қилди. Хусусан микромолия банки бир фуқародан 200 млн сўмдан ошмаган миқдорда омонат қабул қилиши мумкин бўлади. Шунингдек, маълум қилинишича, микромолия банки бир қарздор ёки ўзаро қарздорлар гуруҳига ҳам кўпи билан 5 млрд сўм кредит бера олади.

Семинар давомида намойиш қилинган тақдимотда айтилишича, микромолия ташкилотларига Марказий банк томонидан бошқа чекловлар, масалан георграфик чекловлар ҳам қўйилиши мумкин.

Фото: Марказий банк

Шунингдек, микромолия банклари кредит портфелининг камида 70 фоизи тадбиркорлик фаолиятига ажратилиши лозим. Бундан мақсад кўпроқ аҳолини тадбиркор қилиш ҳамда кичик ва микро бизнесни молиялаштиришни қўллаб қувватлаш экани қайд этилди. Микромолия банки чет эл банкларида ҳисобварақалар ва бошқа ҳисобварақлар очиш ҳамда мижозларнинг ташқи савдо операциялари бўйича хизмат кўрсатиш тақиқланади.

Тақдимот давомида тижорат банкининг микромолия банкига айланиш жараёни ҳамда, микромолия ташкилотидан микромолия банкига айланиш жараёни ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Маълум қилинишича, банкни микромолия банкига айлантириш ҳақидаги банк акциядорлари умумий йиғилиши қароридан сўнг, 7 кун ичида Марказий банкка тегишли тартибда ариза тақдим этилади. Марказий банк тижорат банкини тўловга лаёқатсизлиги ёки унинг хавфи бўлган тақдирда ушбу аризани рад қилиши ва банк лицензиясини чақириб олиши ҳам мумкин.

Фото: Марказий банк

Аввалроқ, Марказий банк Раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев Марказий банк томонидан микромолия банклари фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳамда жорий йил апрель ойига қадар муҳокама учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини айтган эди. А.Турдалиевнинг маълум қилишича, микромолия банклари устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўм, энг юқори миқдори эса 500 млрд сўм этиб белгиланади. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу тажриба ҳақида гапирир экан, устав капиталини белгиланган талабга етказа олмаган тижорат банклари микромолия банкларига айланишлари мумкинлигини ёзганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ноябрь ойида қабул қилинган Президент қарори билан микромолия банклари ташкил этилишига рухсат берилган эди.

Маълумот тариқасида: 2024 йил 1 февраль ҳолатига жами 10та тижорат банки устав капиталини 350 млрд.сўмга етказа олмаган, 17 та банкнинг устав капитали 500 млрд.сўмдан кам бўлиб турибди. Жорий йил 1 апрелдан тижорат банкларининг устав капитали учун минимал талаб 350 млрд.сўм, 1 сентябрдан эса 500 млрд.сўм қилиб белгиланган.

×