HUMO 2024 йилда 168 млрд сўм соф фойда олди

09.02.2025 09:35

198

2024 йилда HUMO тўлов тизимининг соф фойдаси 168,3 млрд сўмни (тахминан 13 млн АҚШ долларини) ташкил қилди. Компания 2023 йилдагига нисбатан қарийб 54 млрд сўмга ёки 47 фоизга кўп соф фойда олди.

Фото: HUMO

"Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими) 2024 йилда 168,3 млрд сўм (салкам 13 млн доллар) соф фойда олди. Бу 2023 йилга нисбатан қарийб 54 млрд сўмга ёки 47 фоизга кўпроқдир.

2024 йил давомида компаниянинг тушуми ўтган 216,4 млрд сўмдан 311,5 млрд сўмгача ортган. Шунингдек, компания активлари 2023 йилга нисбатан 65,4 фоизга ошиб, 434,8 млрд сўмни ташкил қилган. Компаниянинг жами капитали ҳажми эса 369 млрд сўмдан ошган.

Тўлов тизимининг харажатлари йил давомида 26,6 млрд сўмдан 32,2 млрд сўмгача ортган. Бундан ташқари, HUMO 2024 йилда жами 31 млрд сўмдан ортиқ солиқ тўлаган.

Аввалроқ, "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими) "Paynet" АЖга 65 млн АҚШ долларига сотилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, HUMO тўлов тизими 2024 йилнинг тўққиз ойида 120 млрд сўм, 2023 йилда эса 114,5 млрд сўм соф фойда олганди.

Жорий йилнинг 21 феврал куни "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими) акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилади. Йиғилиш кун тартибидаги масалалар орасида компаниянинг амалдаги бошқарув раиси — Шухратбек Курбанов билан тузилган меҳнат шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш ва жамиятнинг янги бошқарув раисини сайлаш ҳам бор. Компаниянинг ташкил топган вақт (2019 йил)дан бери Шухратбек Курбанов бошқариб келади.


Теглар:

#humo#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган