Аввалроқ, Марказий банк томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) эмиссия қилинадиган карталар сонини битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача чеклаш бўйича вақтинчалик тартиб жорий қилингани ҳақида хабар берилганди. Тартиб 2025 йилнинг 1 январидан 31 декабригача амал қилиши кўзда тутилган.
Ушбу тартиб банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида жорий қилинган, деб изоҳланган.
Банкларга жисмоний шахснинг банк карталарида (жумладан виртуал картасида) 12 ой давомида ҳеч қандай амалиёт бажарилмаган бўлса, ушбу карталар блокланиши ва карта эгасига хабар берилиши вазифаси ҳам юклатилгани айтилганди.
Ҳозирда фуқароларга охирги бир йил давомида ҳеч қандай амалиёт бажарилмаган карталар блокланиши бўйича СМС-хабарнома келишни бошлаган.
Мижозларга келган СМС-хабар / Скриншот: Bankers.uz
Мижозларга келган СМС-хабар / Скриншот: Bankers.uz
Мазкур хабарлар 20 тадан ортиқ картаси бор фуқароларга юборилмоқдами ёки барча "ҳаракатсиз" карталар эгаларигами, ҳозирча ноъмалум. Марказий банк маълумотларига кўра, бугунги кунда 7 мингта жисмоний шахсда 20 тадан ошиқ карталар расмийлаштирилган.
Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталарининг бир қисмидан (аксарият ҳолатларда карта эгасининг хабари йўқ) фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётганлиги аниқланган.
Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда фуқаролар ўзларининг номига нечта банк картаси очилгани бўйича ахборот берувчи манба мавжуд эмас.
Марказий банк вакиллари журналистлар билан мулоқотда тижорат банкларига ҳар бир мижоз номига очилган банк карталари сони тўғрисида банк мобил иловаси орқали Push-хабарнома ёки СМС-хабар шаклида маълумот беришни йўлга қўйиш устида ишланаётгани ҳақида айтганди. Bankers.uz текшириб кўрган бир нечта оммабоп банк иловаларида ҳозирча бундай имконият мавжуд эмас. Бироқ, HUMO ва UZCARD тизимларини ўзларининг телеграм-ботларида муайян рақамга уланган барча карталар рўйхатини кўриш мумкинлигини айтишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 1 ноябридан фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун кредит ташкилотлари томонидан онлайн кредит ажратилишида вақтинчалик тартиб жорий этилган.