Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Марказий банк томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) эмиссия қилинадиган карталар сонини битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача чеклаш бўйича вақтинчалик тартиб ишлаб чиқилган.
Мазкур тартиб ижроси бўйича тижорат банкларига декабрь ойида ХФУ хат юборилган. Тартиб 2025 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар амал қилиши белгиланган.
Bankers.uz'нинг бир нечта тижорат банкларидаги манбалари ҳақиқатдан ҳам МБнинг мазкур хати банкка ижро учун келиб тушганини тасдиқлади.
Бунда карталар сони виртуал ва кобейджинг карталарини инобатга олган ҳолда белгиланиши кўзда тутилган.
Чекловлар чет эл валютасида очилган банк карталарига тадбиқ этилмайди.
Шунингдек, банкларга жисмоний шахснинг банк карталарида (жумладан виртуал картасида) 12 ой давомида ҳеч қандай амалиёт бажарилмаган бўлса, ушбу карталар блокланиши ва карта эгасига хабар берилиши вазифаси ҳам юклатилгани айтилмоқда.
Аввалроқ, Марказий банк бир жисмоний шахсга очиладиган карталар сонини банк битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилинганди.
Марказий банк хабарида банк карталарига эга жисмоний шахсларнинг қарийб 97 фоизида (22 млнта) 5 тагача, 3 фоизида (770 мингта) 5-20 гача ҳамда 0,03 фоизда ёки 7 мингта жисмоний шахсда 20 тадан ошиқ карталар расмийлаштирилгани айтилганди.
Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталаринингг бир қисмидан (аксарият ҳолатларда карта эгасининг хабари йўқ) фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётганлиги аниқланган.
Регулятор ушбу масала бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилгандан сўнг журналист ва блогерлар муҳомасига қўйилишини маълум қилганди. Марказий банк янги тартиб бўйича ҳозирча муносабат билдирмади.
Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистонда фуқаролар ўзларининг номига нечта банк картаси очилгани бўйича ахборот берувчи манба мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун кредит ташкилотлари томонидан онлайн кредит ажратилишида вақтинчалик тартиб жорий этилганди.