Марказий банк устав капитали бўйича минимал талабни бажармаган икки банкнинг актив операцияларини чеклаган. Бу ҳақда 22 январь куни Марказий банк томонидан ташкил этилган медиа-мулоқотда Банк пруденциал назорати департаменти директори Нусратулла Фозилов маълум қилди.
Аввалроқ, 2025 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистондаги тўртта тижорат банкининг устав капитали 500 млрд сўмга етмагани ҳақида хабар берилганди. Булар Yangi Bank, Евроосиё банки, Пойтахт банк ва Эрон Содерот банклар ҳисобланади.
"Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга кўра 2024 йилнинг 1 апрелидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 350 млрд сўм, 2025 йилнинг 1 январидан эса 500 млрд сўм этиб белгиланган.
Марказий банк департаменти раҳбарининг таъкидлашича, иккита банк "техник сабабларга кўра" устав капитал бўйича талабни бажармаган. Хусусан, Эрон Содерот банкнинг устав капитали АҚШ долларида шакллантирилган. Эрон банки акциядорлари сўмнинг ўзгарувчан курси сабаб уставни миллий валютада кўрсатмаган.
Пойтахт банк 2024 йилда хусусийлаштирилгани боис банкка нисбатан уставни минимал миқдорга етказиш учун 2028 йилгача бўлган муддат белгиланган.
Yangi Bank ва Евроосиё банки билан регулятор устав капитали бўйича талабларни бажаришга қаратилган "чора-тадбирлар мажмуаси"ни келишиб олгани маълум қилинди.
Фозиловнинг таъкидлашича, Евроосиё банкининг маблағлари Tenge Bank'да бўлиб, улар март ойига қадар банкнинг устав капиталини тўлдиришлари керак. Yangi Bank устав жамғармасини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинган. Бунга қадар регулятор ушбу банкларнинг актив операцияларини чеклаган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, МБнинг ўша вақтдаги раиси Мамаризо Нурмуратов устав капиталини оширмаган бешта банкнинг операциялари чекланганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 54-моддасига кўра, банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги "қўпол қоидабузарлик" сифатида малакаланади.