Аввалроқ, "Paynet" АЖ HUMO тўлов тизими устав фондидаги 100 фоиз давлат улушини сотиб олгани ҳақида хабар берилганди. Компания ушбу харид юзасидан муносабат билдирди.
Муносабатда "Paynet" АЖ ҳалол рақобат, миллий тўлов тизимларини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида, тўловларнинг янги шакл ва усулларини жадал жорий этиш учун илғор молиявий ва рақамли технологияларни жорий этиш тамойилларига содиқлигини билдирган.
"Биз ишонамизки, HUMO'нинг тўлов бозорининг бошқа иштирокчилари билан синергияси нафақат ўз ютуқларини сақлаб қолиш, балки кўпайтириш, бозорда ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли мақсадларини самарали амалга ошириш имконини беради. Бизнес жараёнларини яхшилаш, маҳсулот ва хизматлар турини кенгайтириш, шунингдек, янги технологияларни жорий этиш орқали компаниялар аҳоли ва бизнес учун янада сифатли, арзон ва инновацион ечимларни тақдим эта олади," - деди "Paynet" АЖ Бош директори Анвар Исамухамедов.
Давактив хабарига кўра, HUMO'нинг янги эгаси тўлов тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни, шунингдек, тизим фойдаланувчиларининг махфий (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишни зиммасига олган. Paynet ўзининг юқоридаги хабарида мазкур бандни тасдиқлаган.
"Paynet" АЖ – Ўзбекистон молиявий технологиялар (финтех) соҳасида 18 йилдан буён фаолият юритаётган энг йирик тўлов операторларидан бири ҳисобланади. Тизим 1500 тадан ортиқ товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун тўлов имкониятини таъминлаб, ундан фойдаланувчиларнинг йиллик сони 20 миллиондан зиёдни ташкил қилади. Эслатиб ўтамиз, компания 2024 йилнинг тўққиз ойида 208 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда олган.