Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ипотека кредитлари бўйича 2024 йилда давлат бюджетидан молиялаштирилган субсидия тўловларини энг кўп ва энг кам ажратган банклар бўйича маълумотларни тақдим этди.
Унга кўра, 15 декабрь ҳолатида республика бўйича 75 568 нафар фуқарога жами 1,3 трлн сўмлик субсидиялар ажратилган. Шундан, 410,5 млрд сўмлик маблағлар уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал учун, 926,4 млрд сўми ипотека бўйича фоиз тўловининг бир қисмини қоплаш учун ажратилган.
Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Субсидияларни энг кўп ажратган банклар қуйидагилар:
- Ўзмиллийбанк — 314,5 млрд сўм (17 757 кишига);
- Ипотека банк — 291 млрд сўм (16 562 кишига);
- Халқ банки — 199,8 млрд сўм (11 320 кишига).
Энг кам ажратган банклар эса қуйидагилар:
- Микрокредитбанк — 10,8 млрд сўм (1 836 кишига);
- Ҳамкорбанк — 18,1 млрд сўм (1 058 кишига);
- Туронбанк — 19,9 млрд сўм (1 146 кишига).
Маълумот учун, янги тартиб асосидаги ипотека бўйича субсидияларни жами 12 та банк ажратади.
Манба: Марказий банк
Шунингдек, ипотека бўйича субсидиялардан энг кўп Самарқанд вилоятида фойдаланилган. Ушбу ҳудудда жами 10,5 мингдан ортиқ фуқароларга жами 186,6 млрд сўмлик субсидиялар ажратилган. Ундан кейинги ўринларни Андижон (148,3 млрд сўм) ҳамда Фарғона (140,7 млрд сўм) вилоятлари банд қилган.
Субсидияга энг кам фойдаланган ҳудуд - Сирдарё вилояти бўлиб, мазкур ҳудудда 1 401 кишига жами 24,3 млрд сўмлик субсидиялар йўналтирилган.
Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Эслатиб ўтамиз, 15 май кунидан бошлаб my.gov.uz порталида ипотека кредитига давлат субсидиясини олишга ариза бериш давлат хизмати ишга тушганди. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун аризалар қабул қилишнинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 23 сентабрь куни бошланганди.