Иллюстратив фото / Bankers.uz
Жорий йил 15 май кунидан бошлаб my.gov.uz порталида ипотека кредитига давлат субсидиясини олишга ариза бериш давлат хизмати ишга тушди. Портал маълумотларига кўра, шу куннинг ўзида соат 18:00 га қадар фуқаролардан жами 63 457 та ушбу хизматдан фойдаланиш бўйича аризалар келиб тушган. Шундан: my.gov.uz портали орқали 45 839 та, Давлат хизматлари марказлари орқали 17 618 та ариза қабул қилингани айтилди. Қайд этилишича, 2024 йил учун республика миқёсида 27 мингта субсидия ажратилиши белгиланган. Шундан 20 мингта субсидия янги уй-жой сотиб олиш учун, 7 мингта субсидия якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратилади. Рақамлардан кўриниб турибдики, бир куннинг ўзида ипотека субсидияси олиш учун тушган аризалар сони йиллик ажратилган лимитдан 2,5 бараварга ошиб кетган.
Жорий йилдан ипотека кредитига давлат субсидиясини бериш тартиби бироз ўзгарди. Субсидиялар ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи беш йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига тўланади. Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар — 2024 йилдан бошлаб 30 млн сўм миқдорида тўланади. Мазкур ўзгаришлар Президентнинг тегишли фармонида қайд этилганди.
Фармонга кўра, субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, 2025 йил 1 январдан қурилиш ташкилотларига “яшил” уй-жой стандартлари талаблари асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан бир фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади. 2024 йил 1 октябргача “яшил” уй-жой стандартлари тасдиқланади. 2025 йил 1 апрелгача “яшил” уй-жой стандарти талаблари асосида қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга “яшил” ипотека кредитларини ажратиш амалиёти йўлга қўйилиши кўзда тутилган.