23 сентябрдан ипотека кредитларига субсидия олиш учун аризалар қабул қилиш бошланади

23 сентябрдан ипотека кредитларига субсидия олиш учун аризалар қабул қилиш бошланади

Иллюстратив фото: Bankers.uz

Ўзбекистонда 23 сентябрдан ипотека кредитлари бўйича субсидиялар учун аризалар қабул қилиш бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президентнинг 2024 йил 30 апрелдаги ПФ-70-сон фармонига кўра, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли параметрлари доирасида аризалар қабул қилишнинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 09:00 да бошланиши белгиланган. Шунингдек, ижтимоий мезонларга мувофиқ, субсидия олиш учун фуқароларга янада кенгроқ имконият яратиш мақсадида уларнинг даромадларини инобатга олиш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда ариза берувчининг хоҳишига кўра, унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин бўлади.

Субсидия учун аризаларни Давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки “my.gov.uz” ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда топшириш мумкин. Ариза берувчи ва/ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари) ўртача даромад миқдори:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЕКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн 835 минг сўм) 8 бараваригача (8 млн 400 минг сўм);
  • Тошкент шаҳрида — МҲТЕКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн 835 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 млн 660 минг сўмгача) бўлиши зарур.

Эслатиб ўтамиз, 15 май кунидан бошлаб my.gov.uz порталида ипотека кредитига давлат субсидиясини олишга ариза бериш давлат хизмати ишга тушганди. Портал маълумотларига кўра, шу куннинг ўзида соат 18:00 га қадар фуқаролардан ушбу хизматдан фойдаланиш бўйича жами 63 457 та аризалар келиб тушганди. 2024 йил учун республика миқёсида 27 мингта субсидия ажратилиши кўзда тутилган.

×