Ноябрда олтин-валюта захиралари 1,7 млрд долларга камайди

07.12.2024 16:46

253

Июнь ойидан бери илк бор Ўзбекистоннинг халқаро захиралари қолдиғи 1,7 млрд долларга камайди ва 41 млрд 471 млн долларни ташкил қилди. Захиралар камайишига олтин нархларининг арзонлаши сабаб бўлгани айтилди.

Марказий банк 1 декабрь ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг халқаро захиралари бўйича маълумотларни тақдим қилди. Унга кўра, июнь ойидан бери илк бор ноябрда мамлакатнинг халқаро захиралари қолдиғи 1,7 млрд долларга камайган ва 41 млрд 471 млн долларни ташкил қилди.

"Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2024 йилнинг ноябрь ойида 1,7 млрд долларга камайди. Хусусан, олтин нархининг 2779,40 доллардан 2664,30 долларгача камайишининг таъсири -1,4 млрд долларни ташкил этди.", - дейилади МБ маълумотида.

Манба: cbu.uz

Олтиннинг физик ҳажми қарийб 300 минг трой унцияга, унинг қиймати эса 623 млн долларга камайган. 1 ноябрь ҳолатида олтин захиралари 32,74 млрд долларга тенг бўлди.

Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати ошиб, 100,9 млн доллардан қарийб 101,3 млн долларгача етди.

Ноябрь ойи давомида халқаро валютадаги захира активларда ҳам пасайиш кузатилди. Валютадаги захиралар 1 млрд долларга камайган ва жами 8,18 млрд долларни ташкил қилган.

АҚШда президентлик сайловлари якунлангандан буён олтин нархлари пасайишда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, октябрда Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2 млрд долларга ортганди.

Теглар:

#олтин-валюта

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган