Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 1 июль ҳолатида 36,34 млрд долларни ташкил қилди. Июнь ойида олтин-валюта захиралари 293 млн доллардан кўпроққа камайган.
Ой давомида хорижий валютадаги захира активлар қарийб 797 млн долларга камайган. Бунда валюта захиралари таркибидаги бош офиси хорижда жойлашган банклардаги нақд валюта ва депозитлар миқдори камайиши кузатилди. Шундай қилиб, валютадаги захиралар 1 июль ҳолатида 8,469 млрд долларга тенг бўлди.
Захиралар таркибидаги олтиннинг физик ҳажми қарийб 300 минг трой унцияга ёки 9,33 тоннага ортиб, 11,7 млн трой унцияни (365,15 тонна) ташкил қилди. Шу билан бирга, олтин захираларининг қиймати 506,5 млн долларга кўпайган ва жами 27,318 млрд долларга тенг бўлган. Шунингдек, хорижий валютадаги бошқа активлар ҳам қарйиб 21,4 млн долларга камайгани қайд этилди.
Аввалроқ, май ойининг охирида Ўзбекистон тарихида илк бор Марказий банк захираларни диверсификация қилиш мақсадида қимматли қоғозларга бирламчи инвестиция киритиш амалиётларини ўтказгани ҳамда тегишли портфелларни шакллантирганини хабар қилганди. Шу ойнинг ўзида халқаро захиралар таркибида 35 млн долларлик қимматли қоғозлар пайдо бўлганди. Июнь ойида ушбу захиралар 35,1 млн долларгача етган.
Таъкидлаш керакки, Марказий банк халқаро захиралар таркибида Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳам мавжуд. Бироқ, захиралар таркибидаги жамғармага тегишли қисми очиқланмай келмоқда. S&P халқаро рейтинг агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси активлари Марказий банк захираларидан чиқарилиши керак, чунки "жамғарманинг активлари асосан монетар ёки тўлов эҳтиёжлари учун эмас, балки фискал мақсадлар учун мўлжалланган".
"Импортнинг бюрократик йўл билан мақбуллаштирилаётгани захираларнинг нисбатан барқарорлаштираётгани ҳолатида захираларнинг маъмурий таркиби, хусусан унинг ФРРУ {Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси - таҳр} томонидан бошқарилаётган қисми қандай ўзгараётгани номаълум бўлиб қолмоқда", - деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари май ойида 1,5 млрд долларга ошганди.
Тасодифий хабарлар
Капиталбанк акциядорлари таркибида ўзгариш рўй берди
Октябрь ойида муаммоли кредитлар 968 млрд. сўмга камайди
Халқ банки хотин-қизлар учун махсус электрон ахборот тизимини ишга туширди