Фото: Bloomberg
АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг 50 дан ортиқ банкларини санкция қўлланадиган ташкилотлар рўйхати (SDN List)га киритди. Улар орасида 2022 йилдан бери газ бўйича рублдаги ҳисоб-китоблар олиб бориладиган Газпромбанк ҳам мавжуд. Бу ҳақда АҚШ Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) маълум қилди. Санкциялар Россиянинг молиявий институтларини ва "Россия ҳарбий машинасини" заифлаштиришга қаратилгани қайд этилди.
Газпромбанк илк бор АҚШнинг қатъий чекловлари остида қолди. Бунга қадар санкциялар рўйхатига фақат банкнинг топ-менежерлари киритилганди. Газпромбанк санкциялар банкнинг Россиядаги фаолиятига таъсир қилмаслигини қайд этди.
Газпромбанк, унинг барча тизимлари ва офислари одатдагидек ишлайди. Рублда ва чет эл валютасида ҳисобрақамлардан пул ечиб олиш ва уларни тўлдириш бўйича операцияларни амалдаги ҳуқуқий режимга асосан банк офисларида, банкоматларида, банкнинг мобил иловаси ва бошқа хизмат кўрсатиш каналлари орқали амалга ошириш мумкин, дейилади банк хабарида.
Қайд этилишича, банкнинг барча карталари, шу жумладан, хорижий тўлов тизимларининг карталари савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида, шунингдек, бутун Россия ҳудудидаги банкоматларда ишлашда давом этади. Маълумотларга кўра, Газпромбанк бир нечта ўзбек банклари билан вакиллик (корреспондент) алоқаларини ўрнатган. Бундан ташқари, Газпромбанк 2022 йил февраль ойида Ўзбекистонда ваколатхонасини очган эди. Рус банки мамлакатимизнинг нефть-газ, тоғ-кон саноати, хусусан Uzbekistan GTL молиялаштиришида иштирок этган.
OFAC бир қатор жисмоний шахсларни ҳам SDN List га киритган. Улар орасида Россия Марказий банки раисининг биринчи ўринбосарлари Владимир Чистюхин ва Дмитрий Тулин, шунингдек, регуляторнинг асосий департаментлари раҳбарлари бор.
Эслатиб ўтмиз, аввалроқ АҚШ молия вазирлиги Россия банкларига ўз ҳудудларида филиаллар очишга рухсат берган мамлакатларга иккиламчи санкциялар қўллаши ҳақида огоҳлантирганди.