Ўз ҳудудида Россия банклари филиалларини очишга рухсат берган мамлакатларга санкция қўлланилиши мумкин

Ўз ҳудудида Россия банклари филиалларини очишга рухсат берган мамлакатларга санкция қўлланилиши мумкин

Фото: Ведомости

АҚШ молия вазирлиги Россия банкларига ўз ҳудудларида филиаллар очишга рухсат берган мамлакатларга иккиламчи санкциялар қўллаши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемога “Financial Times” нашрига хабар берди. Огоҳлантириш матнида Россия банкларининг филиаллари очилиши мавжуд санкциялар ва чекловларни айланиб ўтишга замин яратиши мумкин экани қайд этилган.

“Биз нафақат Россия банкларининг филиалларини, балки мамлакатингиздаги улар билан ҳамкорлик қиладиган бошқа ташкилот ва компанияларни ҳам таъқиб қиламиз”, — деди АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.

Унинг таъкидлашича, мазкур огоҳлантириш санкцияга дучор бўлмаган банкларга ҳам тегишлидир. Вазир ўринбосари кўплаб банклар ушбу шартларга рози бўлганини ушбу молиявий ташкилотлар асосан Европа ва АҚШ билан ҳамкорлик қилиши, шу туфайли улар доллар, евро, фунт ва иенада ишлашдан мосуво бўлишни истамасликлари билан изоҳлади.

Бундан ташқари, 23 август куни АҚШ Молия вазирлиги Россия молия сектори учун IT-ечимлар таклиф қилувчи компанияларга нисбатан ҳам санкция эълон қилди. Хусусан, "Золотая Корона" тўлов тизимининг мобил иловасини ишлаб чиққан "Молиявий технологиялар маркази" (ЦФТ) ҳам санкциялар остида қолган. Шунингдек, Россияда финтех соҳаси учун IT-ечимларни ишлаб чиқишда етакчи бўлган "Диасофт" МЧЖ ва Россияда KaaS (касса хизмат сифатида) ечимлар ишлаб чиқарувчи "Атол" компаниясига нисбатан ҳам санкция чоралари қўллаш бўйича қарор қилинган. Жами 16 та давлатдан 100 дан ортиқ шахслар ва компаниялар ушбу рўйхатдан жой олган.

Россия Ғарб молиявий босимига қарамлигини камайтириш учун Хитой ва Эрон каби давлатлар иштирокида муқобил тўлов тизимларини яратиш чораларини кўрмоқда.

×