Гарант банк устав капиталини 350 млрд сўмга етказди

Гарант банк устав капиталини 350 млрд сўмга етказди

Фото: Bankers.uz

Гарант банк устав капиталини 350 млрд сўм даражасига етказганини маълум қилди. "Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан 2024 йилнинг 1 апрелидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 350 млрд сўм этиб белгиланган.

Аввалроқ, 1 октябрь ҳолатида бешта банкнинг устав капитали 350 млрд сўмга етмагани ҳақида хабар берилганди. Ушбу бешликдан бири Гарант банк бўлиб, банкнинг устав капитали 1 октябрь ҳолатида 230 млрд сўмни ташкил қилганди.

Гарант банк акциядорларининг ўтган йил 29 ноябрдаги йиғилишида банк устав капиталини 350 млрд сўмга етказиш учун қўшимча 120 млрд сўмлик акциялар чиқариш бўйича қарор чиқарганди. 2024 йилнинг 7 февраль куни акциялар давлат рўйхатидан ўтказилганди. Ноябрь ойининг ўртасига келиб банк устав капиталини 1 апрелдаги талаб даражасига етказди.

Маълумот учун, 1 октябрь ҳолатида Hayot Bank (298 млрд сўм), Янги банк (200 млрд сўм), Пойтахт банк (100 млрд сўм), Эрон Содерот банклар (64 млрд сўм) устав капитал бўйича талабни бажармаган.

Янги йилдан талаблар янада кучаяди

2025 йилнинг 1 январидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 500 млрд сўм бўлиши талаб этилади. Ҳозирча 14 та банкнинг устав капитали ушбу миқдорга етмаган. Регулятор раҳбари юқоридаги йиғилишда бунга ҳам изоҳ бериб ўтганди.

"Ҳақиқатдан ҳам тўғри. Бу банклар устав капитални тўлдиришнинг асосий манбаси сифатида тақсимланмаган фойда ва бу йил кутилаётган фойдасидан тўлдириш бўйича ўзларига мажбурият олишган. Биз ҳозир хавфли ёки талабни бажармаслик ҳолатини кўрмаяпмиз." — деганди Мамаризо Нурмуратов.

"Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 54-моддасига кўра, банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги "қўпол қоидабузарлик" сифатида малакаланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Octobank Амалиёт бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Кодир Мухлисбекович Адилов "Гарант банк" АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланганди

×