Фото: Марказий банк матбуот хизмати
31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов "Humans Companies" АЖга қарашли UPay тўлов тизими лицензияси 6 ойга тўхтатилгани ҳамда бу ҳолат бўйича Humans Companies'нинг эътирозларига муносабат билдирди.
"Maroqand — бу тўлов ташкилоти (Upay брендининг эгаси - таҳр). Humans Мароқанд тўлов ташкилотининг тўлов агенти. Биз Maroqand тўлов ташкилотини ноқонуний операциялар билан шуғулланаётганлик борасида 3 марта Банк қўмитасига чақириб, огоҳлантирганмиз. Биз тўлов ташкилотининг агентини огоҳлантирмаймиз. Биз тўлов ташкилотини огоҳлантирамиз", - деди МБ раиси.
Маълумот учун, 2022 йилнинг май ойида "Maroqand" АЖ Humans финтех-экотизими томонидан тўлиқ сотиб олинган.
Шунингдек, М.Нурмуратов UPay тўлов тизими фаолиятини чеклашга нима сабаб бўлганига аниқлик киритди.
"Биз очиқ айтдик, бу қимор ўйинлари билан боғлиқ. Аҳолининг пулини тўплаб, шу каби контораларга (ноқонуний букмекерлик компаниялари - таҳр.) ўтказиб бериш билан шуғулланди. Шунинг учун ҳам унинг лицензиясини 6 ойга тўхтатдик", - дея таъкидлади Нурмуратов.
Эслатиб ўтамиз, 2 октябрь куни UPay савдо белгиси эгаси ҳисобланган "Maroqand" АЖнинг бир нечта хизматлари 6 ой муддатга чеклаб қўйилгани хабар қилинганди.
Орадан бир кун ўтиб, компания муассиси "Humans Companies" АЖ Марказий банкнинг мазкур ҳаракатлари Ўзбекистон қонун ҳужжатлари меъёрларини бузган ҳолда амалга оширилганини таъкидлаб, муносбат билдирганди.
"Биз, Марказий банкнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари меъёрларини бузган ҳолда амалга оширилган, бозорни адолатли тартибга солиш тамойилларига зид ва бизнес юритиш учун жиддий тўсиқларни юзага келтирмоқда, деб ҳисоблаймиз.", - дейилганди муносабатда.
Тасодифий хабарлар
Масофавий банк хизматлари фойдаланувчилари сони 552 мингтага кўпайди
Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 2024 йил мақсадли параметрларини маълум қилди
Марказий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси ходими пора билан қўлга тушди