Фото: Humans
"Maroqand" АЖнинг (UPay тўлов хизмати оператори) бир неча хизматлари фаолияти олти ойга чекланишига "Humans Companies" АЖ муносабат билдирди. Мазкур компания "Maroqand" АЖнинг ягона таъсисчиси ҳисобланади.
"Биз, Марказий банкнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари меъёрларини бузган ҳолда амалга оширилган, бозорни адолатли тартибга солиш тамойилларига зид ва бизнес юритиш учун жиддий тўсиқларни юзага келтирмоқда, деб ҳисоблаймиз. МБ ўтказилган амалиётлар бўйича ҳеч қандай маълумот сўрамади ва "Мароқанд" АЖ томонидан қандайдир ҳуқуқбузарликларни кўрсатмасдан қарор қабул қилди. Чекловлар сабаби ўйинлар билан боғлиқ амалиётлар эканлигини биз бугун ОАВдаги хабарлардан билдик. Бундан ташқари, "Мароқанд" АЖ бирор бир ҳуқуқбузарликларни бартараф қилишга қонунчиликда назарда тутилган олдиндан огоҳлантиришни олмаган." - дейилади муносабатда.
Компаниянинг маълум қилишича, улар Марказий банкка адолатни тиклаш ва гуруҳнинг лицензияланадиган компанияларига хизматларининг тўлиқ ишлашини қайтариш талабини юборган. Шунингдек мурожаатлар Президент Маъмуриятига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманга, Истиқболли лойиҳалар Миллий агентлигига юборилган.
Бундай ноқонуний ҳаракатлар адолатли тартибга солиш тамойилларига путур етказади ва молия сектори барқарорлиги, ҳамда мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигига жиддий хавфларни туғдиради. Ҳозирги пайтда Humans жамоаси ва "Мароқанд" АЖ сервисни тиклаш учун янги техник ечим устида фаол иш олиб бормоқдалар», — дея таъкидлади "Humans Companies" АЖ ["Maroqand" АЖ ягона таъсисчиси] директори Владимир Добрынин.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори билан "Maroqand" АЖ тўлов ташкилоти томонидан тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйиб келганлиги сабабли, мазкур ташкилотнинг бир нечта хизматлари 6 ой муддатга чекланди. МБ мазкур ташкилотга нисбатан санкцияни қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловлар қабул қилинишининг олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўриш вазифасини бажармаганлиги билан изоҳлаган.
UPay - шахсий пул маблағларини бошқариш, давлат хизматлари, мобил алоқа, интернет, ўйинлар нархини тўлаш, картадан картага пул ўтказиш ва электрон ҳамённи тўлдириш учун мўлжалланган Ўзбекистондаги тўлов сервиси бўлиб, "Maroqand" АЖ ушбу бренднинг эгаси ҳисобланади. Компания 2022 йилнинг май ойида Humans финтех-экотизими томонидан тўлиқ сотиб олингани маълум қилинганди.
Тасодифий хабарлар
Сурхондарёда Агробанк кўмагида йирик гилам ишлаб чиқариш фабрикаси ишга тушди
Чирчиқда қалбаки ҳужжатлар орқали банкдан 4 млрд. сўм кредит олган фирибгар аниқланди
Тошкентда “Banks&BusinessExpo2024” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади