Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга бюджетдан 2,5 трлн сўм ажратилиши прогноз қилинмоқда

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга бюджетдан 2,5 трлн сўм ажратилиши прогноз қилинмоқда

2025 йилда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал, фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2,5 трлн сўм ёки 2024 йилга нисбатан 67 фоизга кўп субсидиялар ажратилиши прогноз қилинди. Бу ҳақда 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетномада маълумот берилди.

Жумладан, 2026-2027 йилларда тегишинча 2,8 трлн сўм ва 3,2 трлн сўм маблағ йўналтириш тахмин қилинмоқда. Уй-жой дастурида иштирок этувчи тижорат банкларига ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2025 йилда 13 трлн сўм мақсадли ресурслар жойлаштирилиши прогноз қилинди.

Жорий йилда субсидияга келиб тушган аризаларни ижтимоий мезонларга мувофиқ баҳолаш ва хулоса бериш ҳамда инсон аралашувини қисқартириш мақсадида хулоса берувчи ташкилотлар сони 7 тага қисқартирилган.

“subsidiya.idm.uz электрон платформаси ушбу ташкилотлар маълумотлар баъзаси билан интеграция қилиниб, тўлиқ автоматлаштирилди. Бунинг натижасида аризаларга хулоса бериш муддатини 1-3 кунгача қисқартиришга (олдин 12-19 кун) эришилди”, дейилади Бюджетномада. 

Шунга қарамасдан, 2024 йилда ипотека кредитларига талаб камайди. Марказий Банк тақдим этган маълумотга кўра, 2024 йилнинг 9 ойи давомида 42 790 нафар фуқаро ипотека кредити олган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,6 минг нафарга кам.

Шунингдек, жорий йилнинг январ-сентябрь ойлари давомида жами 11 трлн 726 млрд сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 490 млрд сўмга ёки 4 фоизга камроқдир.

Теглар:
×