Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 41 млрд доллардан ошди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 41 млрд доллардан ошди

Фото: Shutterstock.com

Марказий банк 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг халқаро захиралари бўйича маълумотларни тақдим қилди. Унга кўра, сентябрь ойи давомида мамлакатнинг халқаро захиралари қолдиғи қарийб 1 млрд 985 млн долларга кўпайган ва 41 млрд 139 млн доллардан ошди. Бу захиралар бўйича ҳисоботлар эълон қилиниши бошланган 2018 йилдан бери максимум кўрсаткич ҳисобланади.

Манба: cbu.uz

Халқаро захиралар ошишида олтин захиралари қийматининг кўпайиши яна асосий ролни ўйнаган. Олтиннинг физик ҳажми 20 минг трой унцияга (622 кг) камайган бўлсада, дунёда олтин нархларининг рекорд қайд этиши туфайли ой давомида 1,463 млрд долларга ортган. 1 октябрь ҳолатида олтин захиралари 31,86 млрд долларни ташкил қилди. Шунингдек, Марказий банк томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар қиймати ошиб, 35,5 млн доллардан 35,7 млн долларгача етди.

Август ойи давомида халқаро валютадаги захира активларда ҳам ўсиш кузатилди. Валютадаги захиралар 518,3 млн долларга ошган ва жами 8,709 млрд долларга тенг бўлган.

Эслатиб ўтамиз, август ойи давомида мамлакатнинг халқаро захиралари қолдиғи қарийб 1 млрд 751 млн долларга кўпайганди ва 39 млрд 153 млн долларга етганди

×