Ўзбекистондаги ТОП-10 микромолия ташкилотлари - Bankers.uz таҳлили

Ўзбекистондаги ТОП-10 микромолия ташкилотлари - Bankers.uz таҳлили

Иллюстратив фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил 1 март ҳолатига кўра, республикада 88 та ломбард, 86 та микромолия ташкилоти ва 36 та банк фаолият юритмоқда. Охирги 11 ойда нобанк кредит ташкилотларининг кредит портфели 4,24 триллион сўмдан 8,05 триллион сўмга, уларнинг умумий банк-молия тизимидаги улуши эса 1 фоиздан 1,7 фоизга ўсди.

Микромолия ташкилотларининг активлари ҳажми ва кредит қолдиғи қарийб 2,5 бараварга ўсиб, мос равишда 4,91 ва 4,48 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу икки кўрсаткич бўйича микрокредит ташкилотлари Ипотека кредитини қайта молиялаш компанияси ва ломбардлардан сезиларли даражада олдинда.

Йиллик ҳисобда микромолия ташкилотларининг мажбуриятлари 3,09 триллион сўмга, ипотека кредитларини қайта молиялаш компанияларининг мажбуриятлари эса қарийб икки баробарга ошиб, 3,41 триллион сўмга етди. Бундан ташқари, микрокредит ташкилотларининг капитали 1,8 триллион сўмдан ошди.

Яқинда Марказий банк Ўзбекистонда янги банк шакли — микромолия банклари фаолиятига рухсат берилиши режалаштирилганини маълум қилганди. Шундан келиб чиқилса, энг яхши микрокредит ташкилотларининг банкка айланиш эҳтимоли йўқ эмас. Шу сабабдан Bankers.uz Ўзбекистондаги микрокредит ташкилотлари кўрсаткичлари бўйича уларнинг рейтингини тузиб чиқди.

Рейтинг қандай ҳисобланган

Рейтингда микрокредит ташкилотларининг активлари, жами ва устав капитали, мажбуриятлари ҳамда кредит қолдиғи бўйича ҳар бир кўрсаткич учун алоҳида ўринлар берилган. Энг юқори ўринни эгаллаган ташкилотлар рейтингда ҳам баландроқ поғоналарни банд этишган.

Кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистондаги ТОП-10 микромолия ташкилотлари сифатида қуйидагилар ўрин олди.

Fortuna Biznes

Кўрсаткичлари: активлари - 951 млрд сўм, кредит портфели - 916,5 млрд сўм, жами капитали - 520.9 млрд сўм.

Ушбу ташкилот 2018 йилда Фарғона шаҳрида фаолият бошлаган. Республика бўйлаб 14 дан ортиқ филиаллари мавжуд. Ташкилот 2024 йил якунига қадар бутун республиканинг ҳар бир минтақасида филиалларини очишни режалаштирган. Ташкилот таъсисчилари Ахрор Хайдаров (98% улушга эга, Кузатув кенгаши раиси) ва Улуғбек Махмудов (2% улушга эга, бошқарув раиси) ҳисобланади.

Shaffof-Moliya

Кўрсаткичлари: активлари - 1,3 трлн сўм, кредит портфели - 1,2 трлн сўм, жами капитали - 93 млрд сўм.

Ташкилотнинг расмий сайти мавжуд бўлмаганлиги сабабли, у тўғрисида қўшимча маълумотлар олиш имкони бўлмади. Марказий банк сайтида ташкилотга микромолия фаолиятини олиб бориш учун лицензия берилгани кўрсатилган. Ташкилот таъсисчиси "Techno Future Trade" МЧЖ ҳисобланади. Унинг таъсисчиси эса "MAKESENSE" МЧЖ . Бу ташкилотнинг 15% улуши эса Uzum экотизимини ривожлантираётган "Djuzum SPV Ltd"га тегишли. Uzum Nasiya платформасида "Shaffof-Moliya" МЧЖ ҳамда "Techno Future Trade" МЧЖлар билан ўзаро ҳамда мижозларга микромолия, муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича оммавий оферталар мавжуд.

Водий тараққиёт

Кўрсаткичлари: активлари - 456,4 млрд сўм, кредит портфели - 438,7 млрд сўм, жами капитали - 208,5 млрд сўм

Бу ташкилотнинг ҳам интернетда расмий саҳифалари мавжуд эмас. 2014 йилда Фарғона филояти Бувайда туманида рўйхатдан ўтказилган, микромолия ташкилоти сифатида эса 2015 йилдан бери фаолият юритади. Ташкилот таъсисчилари бир нечта, бироқ 65% улуш "Fotuna Biznes"нинг асосий эгаси Ахрор Хайдаровга тегишли экани кўрсатилган.

Ҳамроҳ

Кўрсаткичлари: активлари - 208,1 млрд сўм, кредит портфели - 200,8 млрд сўм, жами капитали - 85,3 млрд сўм

Мазкур ташкилот ҳам Бувайда туманида 2012 йилда рўйхатга олинган. Микромолия ташкилоти сифатида фаолият олиб боришга эса 2020 йилнинг март ойида лицензия берилган. Бу микрокредит ташкилоти ҳам Хайдаровлар оиласига тегишли. Бу сафар таъсисчилар сафида Ахрор Хайдаровнинг ўзи кўрсатилмаган бўлсада қолган тўртта таъсисчининг фамилияси Хайдаров эканини кўриш мумкин. Ушбу ташкилотнинг 30% улушдорлари бўлган икки жимоний шахс ҳам бор. Уларнинг исмлари очиқланмаган. Ижтимоий тармоқларда расмий саҳифаси мавжуд эмас.

Делта

Кўрсаткичлари: активлари - 139,5 млрд сўм, кредит портфели - 121,6 млрд сўм, жами капитали - 63,6 млрд сўм

Ушбу микрокредит ташкилоти 15 йилдан буён мижозларга хизмат кўрсатиб келади. Ташкилот 12 турдаги микромолиявий хизматларни кўрсатишини билдирган. 2022 йилда "Axbor-Reyting" рейтинг агентлиги томонидан uzA+ "барқарор" рейтинги берилган. Ташкилот таъсисчилари сифатида Мирсаид Мирпўлатов (46%), Дилноза Мирпўлатова (21,5%), Шерзод Абдумўминов (24,30%), Гўзал Абдумўминова (5,7%) ҳамда Бахтияр Хашимов (2,5%) кўрсатилган.

Microfin

Кўрсаткичлари: активлари - 149,8 млрд сўм, кредит портфели - 109,5 млрд сўм, жами капитали - 80,3 млрд сўм.

2018 йилдан бери микромолия хизматларини кўрсатади. Ташкилот "Agat Credit"" бренди остида фаолият олиб боради. 5 мингдан ортиқ мижозлари ва еттита филиали мавжуд. Ташкилот таъсисчилари бир нечта. Аммо компаниянинг 61,4% улуши Сергей Лагутинга тегишли. У бошқа фаолият турлари бўйича яна бир нечта компанияларнинг таъсисичиси ҳисобланади.

Ренесанс

Кўрсаткичлари: активлари - 141 млрд сўм, кредит портфели - 119,7 млрд сўм, жами капитали - 29,8 млрд сўм.

Ушбу ташкилот 2007 йилдан микромолия хизматлари билан шуғулланади. Республика бўйлаб 13 та филиали борлиги қайд этилган.Ташкилоти таъсисчилари жисмоний ва юридик шахслардан иборат. Ташкилотдаги 47,5% улуш "Renesans Credit" молиявий лизинг билан шуғалланувчи компанияга тегишли. Иккала компаниянинг таъсисчилари деярли бир хил.

PulMan

Кўрсаткичлари: активлари - 118,1 млрд сўм, кредит портфели - 111,4 млрд сўм, жами капитали - 33,1 млрд сўм.

2019 йилдан бери микрокредитлаш бозорида ўз хизматларини кўрсатиб келади. Компания таъсисчилари Тимур Исааев ва Дияр Медеубеков тенг миқдордаги улушдорлар ҳисобланишади. Бу икки таъсисчи "Олтин ломбард" МЧЖ таъсисчилари ҳамдир.

Ehtirom Plus

Кўрсаткичлари: активлари - 83,9 млрд сўм, кредит портфели - 78,9 млрд сўм, жами капитали - 52,3 млрд сўм.

2007 йилда микромолия ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган. Ўзбекистонда очилган энг биринчи микрокредит ташкилотларидан бири ҳисобланади. Бош идораси Қўқон шаҳрида жойлашган. Компаниянинг асосий улуши (70%) Алиевлар оииласига тегишли.

Biznes Finans

Кўрсаткичлари: активлари - 82,9 млрд сўм, кредит портфели - 77,1 млрд сўм, жами капитали - 46,8 млрд сўм.

2017 йилдан бери микромолиявий хизматлар бозорида хизмат кўрсатиб келади. Республика бўйича 8 та вилоятда филиаллари мавжуд Компания 10 мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади. Компания таъсисчиси Тимур Ходжаханов. Тимур Ходжаханов "SNS Ratings" рейтинг агентлигининг ҳам таъсисчиларидан биридир (30% улушга эга). Бундан ташқари, у "ЛОМБАРД ҲАМКОР-КРEДИТ" МЧЖнинг ҳам якка таъсисчиси сифатида кўрсатилган.

Барча микромолия ташкилотларининг кўрсаткичлари ва Bankers.uz рейтингидаги ўрни билан қуйидаги жадвал орқали танишишингиз мумкин.*

Манба: cbu.uz

Изоҳ: Рейтингни тузишда микромолия ташкилотларининг миқдорий ва мутлақ кўрсаткичлари олинган. Келгусида ушбу ташкилотларнинг самарадорлик кўрсаткичлари, шунингдек кредит портфели сифати каби параметрларини ҳам рейтингда инобатга олиш кўзда тутилган.

×