Фотоскриншот: Youtube
Молия вазирининг собиқ ўринбосари, \"Ўзсаноатқурилишбанк\" АТБ Кузатув кенгаши раиси (аввалроқ \"Микрокредитбанк\" АТБ Кузатув кенгаши раиси) Одилбек Исаков иқтисодчи Отабек Бакиров билан \"Dialog\" лойиҳаси доирасидаги интервьюда банкларни хусусийлаштириш нега кечикаётганига изоҳ бериб ўтди.
\"Бир нарсани сотмоқчи бўлсангиз унга харидор ҳам бўлиши керак-ку. Ҳозирги геосий вазият, ундан ташқари жаҳон бозорида ставкаларнинг кескин ошиб кетиши каби омилларнинг барчаси хусусийлаштириш жараёнига салбий таъсир кўрастувчи омиллар ҳисобланади\", - деди молиячи.
Одилбек Исаковнинг таъкидлашича, 20-25 йил олдин дунёдаги глобал банклар Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатларга келиб ўша жойдаги энг катта давлат банкларини сотиб олиш сиёсатини олиб борган. Жумладан, HSBC банки Қозоғистонда ҳам, Арманистон, Грузияда ҳам, табиийки Россияда ҳам банкларни сотиб олган.
\"Афсуски Базель II, Базель III, Базель IV стандартлари чиқиб, яна бошқа биз билмаган минглаб сабабларга кўра, ҳозир глобал банклар ҳам, регионал банклар ҳам аксини қилишяпти. Яъни банкларни сотиб, ўша бозордан чиқиб кетяпти. Буни HSBC, Citi Bank, ундан ташқари сал кичикроқ Раиффайзенбанк ҳам, Erste Bank ҳам, Société Générale, BNP Paribas ҳаммаси қиляпти. Фақатгина ўзлари учун асосий бўлган бозорларда қоляпти... Бу тенденция ҳам хусусийлаштиришга салбий таъсир қилади.\", - деди Одилбек Исаков.
У OTP Groupга сотилган Ипотека банк кейсини қизиқиб кузатаётганини таъкидлади. Сабаби катта давлат банкларидан бири эндиликда хусусий секторда фаолият олиб боради. Эндиликда банкнинг кредит сиёсати ҳам, ликвидик сиёсати ва бошқа сиёсатлари ҳам қайта кўриб чиқилиб, OTP стандартлари асосида янги маҳсулотлар жорий қилинади. Собиқ молия вазири ўринбосари банк секторида стратегик инвесторлар ва хусусий акционерлар эгалик қиладиган банкларнинг кўпайиши депозит ҳамда кредит бозоридаги номутаносибликларга барҳам беришини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда президент томонидан \"2020 — 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида\" фармони қабул қилинганди. Унга асосан Ўзмиллийбанк, Агробанк ва Микрокредитбанкдан ташқари қолган дақлат улуши мавжуд банклар 2025 йилгача босқичма-босқич хусусийлаштирилиши белгиланганди. Кейинчалик ҳукумат томонидан хусусийлаштириш кечикаётгани эълон қилинди. Хусусан, 2023 йилнинг охиригача хусусийлаштирилиши керак бўлган Асакабанк учун – 2025 йил охирига қадар, \"Ўзсаноатқурилишбанк\" учун эса муддат – 2024 йил охирига қадар узайтирилганди. Бундан ташқари, АТ \"Халқ банки\", \"Микрокредитбанк\" АТБ, АТ \"Алоқабанк\", \"Агробанк\" АТБ, \"Ўзмиллийбанк\" АЖларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO) муддатлари ҳам 2023 йилнинг 1 июлидан 2025 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.
Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлигининг молиявий институтлар бўйича директор ўринбосари Павел Каптел юқоридаги хусусийлаштириш муддатлари ҳам кечикишини айтиб ўтганди.
Одилбек Исаков -- айни пайтда Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлар бозорларидаги инфратузилма лойиҳаларига ихтисослашган “Infrasia Capital” МЧЖ консалтинг компанияси бош директори ва ҳаммуассиси ҳисобланади.