Ўзбекистонда банкларнинг хусусийлаштирилиши кечикиши мумкин - Fitch вакили

Ўзбекистонда банкларнинг хусусийлаштирилиши кечикиши мумкин - Fitch вакили

Фото: Wall Street Journal

Ўзбекистонда банкларнинг хусусийлаштирилиши кечикиши мумкин. Бу ҳақда Fitch Ratings компанияси молиявий институтлар бўйича директор ўринбосари Павел Каптел Тошкентдаги конференцияда айтиб ўтган.

Павел Каптел. Фото: Курсив

Эксперт мамлакатда банк тизимини ислоҳ қилиш режаларига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, ислоҳотнинг мақсадларидан бири - қатор давлат банкларини сотиш бўлиб, бунда ЕТТБ, ХМК ​​ва ОТБ каби етакчи халқаро институтлар билан ҳамкорлик ҳам назарда тутилган. Бу институтлар техник ёрдам, консалтинг хизматларини кўрсатади ва кейинчалик стратегик инвесторга сотиш мақсадида хусусийлаштирилган давлат банкларининг миноритар акциядорлари бўлишлари мумкин.

"Аммо ислоҳот фақат бу билан тугамайди. Нафақат сотилиши керак бўлган, балки давлат мулкида қоладиган банкларда ҳам корпоратив бошқарув жараёнлари ва рискларни бошқаришнинг сезиларли даражада яхшиланиши ҳам муҳим роль ўйнайди. Ислоҳотнинг яна бир муҳим жиҳати – бу соҳадаги тартибга солишнинг ўзгариши, хусусан, банк капиталининг потенциал нормативлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришдир", — деди Павел Каптел.

Мутахассиснинг фикрича, олдинга силжиш кўзга ташланишни бошлаган. Нодавлат банкларнинг соҳадаги улуши 2019 йил охирига нисбатан икки баравар кўпайган ва айни пайтда банк секторидаги активларнинг қарийб учдан бир қисми нодавлат банклар ҳисобига тўғри келади. Аммо бу ҳали ҳам ҳукумат томонидан белгиланган мақсаддан сезиларли даражада паст (2025 йил охиригача 60%). Ҳозиргача учта йирик банкдан фақатгина – Ипотека банк хусусийлаштирилган. Кейинги навбат Ўзсаноатқурилишбанк ва Асакабанкка.

“Эслатиб ўтсам, иккала банк ҳам 2023 йил охиригача стратегик инвесторларга сотилиши режалаштирилганди. Бироқ ўтган йили ҳукумат белгиланган муддатлар сурилаётганини эълон қилди. "Ўзсаноатқурилишбанк" учун муддат – 2024 йил охири, "Асакабанк" учун эса – 2025 йил охири белгиланган. Бизнинг тахминимизча, бу муддатларни ҳам узайтириш керак бўлади”,- дея тушунтирди Fitch вакили.

Мутахассис бу сценарийнинг сабабларини банкларда сотишдан олдинги тайёргарлиги ҳали ҳам давом этаётгани билан изоҳлаган. Бу кенг кўламли жараён ҳисобланади. Иккала банк ҳам тарихан корпоратив сектор ва давлат компанияларига кредит беришга эътибор қаратган ҳамда ҳозирда кўпроқ диверсификацияланган моделни (КЎБ ва чакана савдо) қурмоқда. Бу иккала банкдан ҳам вақт талаб этади. Fitch тез бўлмасада КЎБ ва чакана савдонинг улуши ўсиб бораётганини қайд этган.

Савдо истиқболларини ошириш учун банклар кўпроқ рентабелликни кўрсатишлари керак. Бу кредитлашнинг фаолроқ ўсишини талаб қилади, айниқса, чакана савдо сегментида. Лекин бунинг учун капитал талаб қилинади.

"Шунинг учун ЕТТБ, ХМК ​​ва бошқа ташкилотларнинг банк капиталига "лангар инвестор" сифатида кириш истиқболи банкларнинг ўз вақтида сотилиши ёки сотилмаслиги нуқтаи назаридан жуда муҳим. Агар бу рўй берса, банкларга кредитлаш ҳажмини ошириш учун капитал беради ва шу орқали банклар рентабелликни оширади ва бозордаги улушини кўпайтиради", — деди Fitch директори ўринбосари.

Бу ҳолат потенциал инвесторлар учун ҳам қулайлик яратади. Улар трансформациянинг биринчи босқичи якунланганига ва банклар харид қилиш учун жозибали эканлигига ишонч ҳосил қилишади, деб хулоса қилган Павел Каптел.

×