2024 йилда ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонида (ПФ-70-сон, 30.04.2024 й.) маълум қилинди.
Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида, қуйидагилар амалга оширилиши белгиланди:
- ҳудудларда 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади;
- қурилиш ташкилотларига бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар тақдим этилади;
- кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига “яшил” уй-жой стандартлари жорий қилинади;
- камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади;
- банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириш механизмларидан кенг фойдаланилади.
Шунингдек, Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
2024 йил 1 майдан қуйидаги тартиблар ўрнатилади:
- бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишда ипотека предметини суғурта хавфларидан суғурта қилиш талаби бекор қилинади;
- 2025 йил 1 январгача белгиланган янги қурилиш ва махсус техникаларнинг импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади;
- “Янги Ўзбекистон” массивларида кўп қаватли уй-жойлар қурилишида иштирок этадиган қурилиш ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдириш учун бюджетдан 500 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
- қурилиш ташкилотларига Тошкент шаҳрида – 9 ва ундан юқори, бошқа шаҳарларда – 7 ва ундан юқори, қишлоқ жойларда – 5 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган миллий валютадаги кредитлар бўйича 24 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга “1+1” тамойили асосида ҳудудларнинг тоифасидан келиб чиқиб кафиллик ва компенсациялар тақдим этилади.
Бундан ташқари, 1 майдан бошлаб кўп қаватли уй-жойларни қуриш ҳуқуқи “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон рейтинг баҳоси “С” ва “СС” бўлган қурилиш ташкилотларига ҳам берилади. Бунда, электрон рейтинг баҳоси “С” бўлган ташкилотларга 5 қаватдан юқори бўлмаган, “СС” бўлган ташкилотларга – 9 қаватдан юқори бўлмаган уй-жойларни қуришга рухсат этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда 16,9 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилганди.
Тасодифий хабарлар
Пластик карта билан эмас, нақд пул билан ишланглар - Тошкент шаҳар ҳокими ёшларга маслаҳат берди
Пойтахт банк бошқарув раисига биринчи ўринбосар тайинланди
Tenge Bank корпоратив мижозларга мўлжалланган мобил иловани ишга туширди