Президентнинг тегишли фармонига асосан 2024 йилда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлганларга 120 млн сўмгача ипотека кредити берилади.
1 июндан “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади. Бунда ипотека кредитлари 120 млн сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади. Ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
Шунингдек, уй-жой олиш учун субсидияга аризалар 15 майдан 1 ноябргача қабул қилиниши айтилди. Дастур доирасида субсидиялар тўлашнинг амалдаги тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:
- субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилинади;
- 2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар Дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади;
- бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 2024 йилги Дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 млн сўм миқдорида тўланади.
Бундан ташқари, 2025 йил 1 январдан қурилиш ташкилотларига “яшил” уй-жой стандартлари талаблари асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан бир фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади. 2024 йил 1 октябргача “яшил” уй-жой стандартлари тасдиқланади. 2025 йил 1 апрелгача “яшил” уй-жой стандарти талаблари асосида қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга “яшил” ипотека кредитларини ажратиш амалиёти йўлга қўйилади.
Тасодифий хабарлар
Мадад Инвест банк "mybank" бренди остида хизмат кўрсатишни бошлайди
Агробанк Fresh филиалини ташкил қилмоқда
Халқ банки бошқаруви аъзолари Зангиота тумани ёшлари билан учрашди