Ўзагроэкспортбанк 5 млн. АҚШ долларига сотилди

Ўзагроэкспортбанк 5 млн. АҚШ долларига сотилди

Фото: Yandex Maps

“Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакети хусусийлаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, “Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси томонидан “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини 5,0 млн. АҚШ доллар миқдордаги сотиб олиш тўловини бир йўла тўлаб бериш бўйича таклиф келиб тушган. Ушбу таклиф, шунингдек, банкнинг устав капиталини қўшимча 29 млрд. сўмдан кам бўлмаган қийматга ошириш ҳамда банкнинг инфратузилма, технология ва маҳсулотларини ривожлантиришга камида 50 млн. АҚШ доллар инвестиция киритиш шарти билан сотиб олишни кўзда тутган.

“Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусийлаштиришга аввал жалб этилган “Grant Thornton” халқаро консалтинг компанияси томонидан Ўзагроэкспортбанкнинг 2019 йил декабрь ойидан буён “кредит операциялари” тўхтатилганлиги сабабли кредит портфели 2022 йил 1 декабрь ҳолатига 6,1 млрд. сўм ташкил этиб, бунда муаммоли кредитлар улуши ўта юқорилигини, банкнинг айни даврдаги ҳолатига умумий зарари 31 млрд. сўмни ташкил этганлиги натижасида жами соф активлари қиймати 50 млрд. сўмлиги қайд этилган.

Шунингдек, Ўзагроэкспортбанк Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк назоратига оид иқтисодий нормативлар бажарилмаганлиги, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарли миқдорда захиралар шакллантирилмаганлиги, кредит ҳужжатларини расмийлаштиришда белгиланган тартибларга тўлиқ амал қилинмаганлиги, шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тижорат банклари устав капитали миқдорига қўйилган талаблар бажарилмаганлиги (устав капитали 29 млрд. сўмга кам шакллантирилган) юзасидан огоҳлантирилган.

Шунга кўра, “Grant Thornton” халқаро консалтинг компанияси томонидан банкнинг фаолиятини нафақат сақлаб қолиш, балки уни ривожлантиришга қаратилган “Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси томонидан билдирилган таклифи нарх ва бошқа шартлар бўйича олдинги таклифдан яхшилигини ҳисобга олган ҳолда, мазкур таклифни қабул қилиш тавсия этилган.

“Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонасининг Ўзагроэкспортбанк устав капиталидаги 100 фоиз акциялар пакетини 5 млн. АҚШ доллар миқдордаги сотиб олиш тўловини бир йўла тўлаб бериш, банкнинг устав капиталини 29 млрд. сўмдан кам бўлмаган қийматга ошириш ҳамда банкнинг инфратузилма, технология ва маҳсулотларини ривожлантиришга камида 50 млн. АҚШ доллар инвестиция киритиш шарти билан сотиб олиш тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар билан маъқулланган.

Шу муносабат билан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Support Level” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси билан музокаралар олиб борилганини ва “Ўзагроэкспортбанк” АТБ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакетини сотиб олиш бўйича олди-сотди шартномаси (Битим) имзоланганини маълум қилган.

2022 йил 30 декабрь куни Молия вазирли берган маълумотга кўра, биржадан ташқари уюшмаган бозор савдоларида “Ўзагроэкспортбанк” АТБ акциялари билан боғлиқ 56,1 млрд. сўмлик битим имзоланган эди.

Корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги очиқ маълумотларга кўра, "Support Level" МЧЖ устав капитали 56 млрд. сўмни ташкил этиб, унинг 100% таъсисчиси Шодиев Олимжон Касимович ҳисобланади.

Скриншот: stat.uz

Айрим манбаларга кўра Олимжон Шодиевни миллиардер Фаттоҳ Шодиевга қариндошлиги ҳам айтилади. Иқтисодчи Отабек Бакиров Олимжон Шодиев ва Давактив раҳбари Акмалхон Ортиқов иккаласи Навоий кон-металлургия комбинати кузатув кенгаши аъзолари ҳам эканлигига эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзагроэкспортбанк "ёпиқ қарор" асосида сотилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

×