Аввалроқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш тўғрисида” ги Қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилгани тўғрисида хабар берган эдик.
Депутат Дониёр Ғаниевнинг ёзишича, юқоридаги Қонун лойиҳаси ҳозирда Олий Мажлисда муҳокамага қўйилган.
Амалдаги «Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонунга асосан Ўзбекистонда Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товар ва хизматлар учун истеъмол кредити ажратилиши чекланган.
"Бу мантиқсиз чеклов бир томондан мамлакат аҳолисига танлов имкониятини чеклаш орқали ноқулайлик туғдирган бўлса, иккинчи томондан “маҳаллийлаштириш” шиори остида маҳаллий монополларни қўллаб қувватлаш орқали аҳоли учун тақдим этилаётган товар ва хизматлар нархининг ошишига ва рақобатсиз муҳит шаклланишига хизмат қилиб келган, - дейди депутат.
Мисол учун, ҳозирда маҳаллий монополимиз томондан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар билан нарх ва сифатда рақобатлашаётган хорижда ишлаб чиқарилган электрмобиллар харид қилиш учун ёки хорижий брендларнинг сифатли маиший техника воситаларини сотиб олиш учун банклардан истеъмол кредити олиш имкониятингиз йўқ, - дейди у.
"Натижада, одамлар бундай товарларни фақатгина муддатли тўлов асосида, банк истеъмол кредитидан бир неча баравар юқори фоизларда маиший техника дўконларидан ёки ишончсиз лизинг компаниялардан сотиб олишга мажбур бўлиб келишмоқда", - дея фикрини давом эттиради парламент аъзоси.
Президентнинг 2022 йил 12 августдаги ПҚ-350-сон қарорида айнан ушбу ноқулайликни бекор қилиш ва аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида «Истеъмол кредити тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш белгиланган эди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди.
"Умид қиламанки, ушбу қонун лойиҳаси қисқа муддатларда Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилиниб, президентимиз томонидан имзоланади ҳамда халқимизга қулайлик яратувчи яхши бир ўзгариш сифатида хизмат қилади", - дея фикрини якунлади Дониёр Ғаниев.
Тасодифий хабарлар
Асакабанк ва Тошкент фармацевтика институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Халқ банки мижози HUMO картасининг 30 миллионинчи эгаси бўлди
Агробанк бир нечта йўналишларда раҳбарлик лавозимларига танлов эълон қилмоқда