InfinBANK тақсимланмаган фойданинг яна 35 млрд. cўмини устав капиталини оширишга йўналтирмоқда

InfinBANK тақсимланмаган фойданинг яна 35 млрд. cўмини устав капиталини оширишга йўналтирмоқда

Фото: nuz.uz

ЧЭКИ "Invest Finance Bank" АТБ 12 декабрь куни акциядорлар умумий йиғилишини ўтказди. Йиғилишда банкнинг ўтган йиллар мобайнида тақсимланмай қолдирилган 298,83 млрд. сўм соф фойдасини тақсимлаш қарори қабул қилинди.

Маълум бўлишича, банк тақсимланмаган фойдасининг 35,35 млрд. сўми акциядорларга дивиденд тўлашга йўналтирилади. Бунда ҳар бир дона оддий акция учун 75,60 сўм миқдорида (даромадлилик 7,6 фоиз) дивиденд ҳисобланиши маълум бўлди. Банкнинг маълум қилишича, дивидендлар акциядорлар улушини ошириш орқали устав капиталини кўпайтириш учун йўналтирилади ва шу билан 100 млрд.сўмлик янги эмиссия ёпилади. Пировардида банк акциядорлик капитали 500 млрд.сўмга етказилади. Дивидендлар жорий йилнинг 12 декабридан бошлаб 2023 йилнинг 10 февралига қадар тўлаб берилиши қайд этилган.

Тақсимланмай қолган фойданинг қолган қисми — 263,48 млрд. сўми акциядорлар томонидан тегишли қарор қабул қилингунига қадар тақсимланмаган фойда шаклида қолдиришга қарор қилинган.

Очиқ маълумотларга кўра, 2022 йил 1 октябрь ҳолатида банк устав капитали 400 млрд. сўмни ташкил қилади. Ушбу акцияларнинг 35,0 фоизи Швейцариянинг "SWISS CAPITAL INTERNATIONAL GROUP AG" ширкатига, 26,5 фоизи Фахритдин Маматжоновга, 22,0 фоизи "PRESTIJ RIELT" МЧЖга, 8,2 фоизи "AZIA TRANS TERMINAL" МЧЖга ҳамда 8,3 фоизи бошқаларга тегишли.

Аввалроқ Инфинбанк 1-ярим йилликдаги соф фойдасини устав капиталини кўпайтиришга йўналтириши тўғрисида хабар берган эдик.



×