Фото: Туронбанк матбуот хизмати
\"Туронбанк\" акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига Ибрагимова Шахло Алимбаевна тайинланди. Ш.Ибрагимова шу кунга қадар \"Туронбанк\" АТБ Ходимлар билан ишлаш департаменти директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Шахло Ибрагимова 1975 йил Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган. 1996 йил Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1995 йил Ўзтадбиркорбанк Гурлан филиалида бошлаган. 1998-2016 йиллар давомида турли давлат бошқаруви тузилмаларида, хусусан, 2002-2008 йилларда Олий Мажлис, 2008-2016 йилларда Марказий сайлов комиссияси тизимида ишлаган. Ш.Ибрагимова 2016 йилдан Туронбанк тизимида, 2020 йилдан Туронбанк Ходимлар билан ишлаш департаменти директори лавозимида ишлаб келган.
Шахло Ибрагимова мазкур лавозимда Ходимлар билан ишлаш департаменти фаолиятини назорат қилиш билан бир қаторда, банкда фаолият олиб бораётган “Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича Маслаҳат-Кенгаши комиссияси”га ҳам раҳбарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойи бошида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар бир банкда раиснинг бир нафар ўринбосари аёл киши бўлиши лозимлигини айтган эди. Кейинчалик, 2022 йил 7 март куни қабул қилинган (ПФ-87 - сонли) Президент фармонида 2024 йил 1 январга қадар барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш вазифаси ҳам юклатилган эди.