Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва унда Халқ банки ўрни

Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва унда Халқ банки ўрни

Ўзбекистонда 2016 йилдан кўплаб соҳаларда, хусусан иқтисодиётда ва банк тизимида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Банк тизимининг ўзгариб, янгиланиб бориш нуқтаси 2017 йил сентябрга бориб тақалади. Айнан 2017 2 сентябрда валюта бозорини либераллаштиришга оид президент фармони имзоланди ва шундан кейин Марказий банк хорижий валюталарнинг расмий курсини эълон қилиб, ушбу курсда валюта сотиш ва сотиб олиш мажбуриятини олмайдиган, тижорат банклари эса валюта бозорига четдан қараб турадиган молия муассасалардан, ушбу бозорнинг фаол иштирокчиларига айланишди.

Одамларнинг банк тизимига бўлган ишончини қайтариш, фақатгина банкнинг валюта кассаси фаолиятини жонлантиришдан иборат эмас. Одамлар бозорга эркин бориб, картошка сотиб олгандай, банк биносига ҳам эркин кириб, молия маҳсулотларини харид қилиш мумкинлигига, банк "фақат юқорида таниши бўлганларга" эмас, исталган оддий одамга ҳақиқий мижозга қиладиган муомаласини қилиши талаб этиларди. Орадан бироз вақт ўтиб, 2018 йил 23 март куни "Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги Президент қарори имзоланди. Аҳоли кўз ўнгида банклар "эшик тагида милиция ходими ёки банк қўриқчиси қарши оладиган, паспорт билан киритиладиган" муассасадан исталган одам фойдаланадиган, кенг оммага хизмат кўрсатувчи бизнес субъектига айланиб борди.

Келинг, ўтган йиллар хронологик тартибда банк хизматлари бозорини яхшилашга сабаб бўлган воқеалар ёки ушбу ислоҳотлар натижасида яратилган янги банк маҳсулотларини эслаб ўтамиз:

2018 йил. Ўзбекистонда яна бир маҳаллий тўлов тизими пайдо бўлиши маълум қилинди. 2019 йил бошида ушбу тўлов тизими HUMO деб аталадиган бўлди. HUMO 2019 йилда ишга тушди. Тўлов тизими Ўзбекистонга янгича маҳсулотларни тақдим этди. Контактсиз тўлов қилиш имкониятини берувчи NFC технологияли пластик карта, Android телефонлар учун HumoPay орқали тўловлар шулар жумласидандир.

2019 йил. Мамлакатимиз банк бозорига қўшни республиканинг етакчи банки кириб келди. Май ойига келиб Қозоғистон Халқ банкининг шўба банки "Tenge Bank" АТБ банк фаолиятини амалга ошириш лицензиясини олди. Ҳозирда молия муассаси республиканинг 9 та ҳудудида ўз хизматларини тақдим этмоқда.

Йил охирига келиб, 15 декабрь куни Капиталбанкнинг Apelsin мобил иловаси Play Market'га жойлаштирилди. Бир йилдан ошиқроқ вақт давомида илова Play Market'дан 500 минг марта, бир ярим йилда эса 1 млн. мартадан ортиқ юклаб олинди. 2020 йилда Apelsin иловаси Капиталбанкнинг алоҳида рақамли филиали бўлди. Бир йилдан кейин 2021 йил 1 ноябрда Капиталбанк муассислигидаги "Bank Apelsin" га айланди. Ҳозирда эса ушбу рақамли банк Uzum экотизимига қўшилиб, ўз номини Uzum Bank'га ўзгартирган.


2020 йил. 2020 йилга келиб Ўзбекистонда 2 та янги тижорат банки очилди. Ушбу банклар ноодатий тарзда рақамли банк сифатида очилди ва мижозларга қўлидаги смартфони орқали банк хизматлари тақдим эта бошлади. Грузиянинг TBC Bank бозоримизга кириб келиши, биринчи миллий рақамли банк — Anorbank'нинг фаолият бошлаши банк тизимида чакана банк хизматлари фойдаланувчилари сонини кескин оширди. Бунга қадар ҳам банклар жисмоний шахсларга банк карталарини масофавий очиш ва етказиб бериш каби хизматларни кўрсатган бўлсада, TBC Bank ва Anorbank томонидан жисмоний шахсларга бепул карта очиб бериш ва уни мижозгача бепул элтиб бериш хизматини йўлга қўйиши пластик карталар сонини кескин ошириб, аҳолининг банк хизматларига бўлган қизиқиши ортишига сабаб бўлди.

2020 йилда, шунингдек, ЎзСҚБ томонидан банк иловаси ва маркетплейсни бирлаштирган Joyda супераппи тақдим этилди. Маркетплейслар 2022 йилда электрон тижорат бозорида оммалашган бўлса-да, Joyda суперапплар яратиш бўйича илк тажрибалардан бири бўлди.


Хўш, Ўзбекистонда энг биринчи ташкил этилган ҳамда филиаллар, БХМлар, БХОлар, минибанклар каби банк инфратузилмалари билан бутун республика ҳудудида банк хизматлари кўрсатиб келаётган АТ "Халқ банки" нинг ушбу ислоҳотларда ўрни қандай ёки банк тизимида амалга оширилган ислоҳотлар Халқ банкига қандай таъсир кўрсатди? Келинг энди шу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрамиз.

Халқ банки, 2022 йил 1 октябрь ҳолатида, Ўзбекистонда активлари миқдорига кўра 6-ўринда (29,96 трлн. сўм), кредит қўйилмалари ҳажмига кўра 6-ўринда (20,48 трлн. сўм), жами даромадлари миқдорига кўра 5-ўринда (5,72 трлн. сўм), соф фойдаси миқдорига кўра эса 9-ўринда (327,2 млрд. сўм) туради.

Банк ўзининг ҳудудий инфратузилмалари орқали Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда 12 та вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида хизмат кўрсатувчи ягона банк саналади.

Халқ банки экотизими

Халқ банки молия бозорининг кўплаб хизматларини тақдим этувчи ўзининг экотизимига эга. Экотизим Халқ банки, Uzpay пул ўтказмалари, Лоторея, Qr-Code хизмати, Халқ Суғурта компаниясини ўз ичига олади. Экотизим таркибидаги Халқ банки жисмоний ва юридик шахсларга чакана ва корпоратив банк маҳсулотларини тақдим этади. Uzpay пул ўтказмалар тизими эса, Ўзбекистон бўйлаб нақд ва нақдсиз усулда миллий ва хорижий валюталарда пул ўтказиш имкониятини беради. Пул ўтказувчи Халқ банкининг «А» филиалига нақд пулни топширади, қабул қилувчи эса «Б» филиалдан пулни қабул қилиб олади (Халқ банки республиканинг барча шаҳар ва туманида филиал ва БХМларига эга эканлиги устунлигидан мана шундай фойдаланган). Шарқона Лотто, Омад Лотто каби лоторея ўйинлари ҳамда Xalq Mobile иловасидаги Qr-Code орқали тўловлар хизмати ҳам Халқ банкига тегишли. Шунингдек, экотизимда суғурта фаолиятини амалга оширувчи Халқ Суғурта компанияси ҳам бор. Paynet бренди ҳам яқин-яқингача экотизим таркибида эди. Шу йилнинг баҳорида бренд бошқа компанияга ўтди, "Uzpaynet" МЧЖ эса хусусийлаштириш учун Давактивга ўтказилди.

Катта банкнинг катта муаммолари

2021 йилда 1 август ҳолатида Халқ банкининг кредит портфелининг 5,13 трлн. сўмлик қисми муаммога айланганди (жами портфелнинг 24 %и). Ўша пайтда NPL даражаси Халқ банкиникидан юқори бўлган молия муассасалари борлигига қарамай, Халқ банки даражасидаги банклар учун бу NPL даражаси юқори ҳисобланади. Ўтган йилнинг август ойида банк кредит портфелини соғломлаштириш чораларини амалга ошира бошлади. Хусусан, банк тижорат кредитлари берилишини вақтинча тўхтатди. Натижада Халқ банкининг муаммоли кредитлари даражаси 2021 йилнинг 1 августида 24 фоиздан 2022 йилнинг 1 ноябрида 15,6 фоизгача пасайди. Ҳозирда ҳам Халқ банкида NPL даражаси пасайиш тенденциясида бормоқда.

Халқ банки 2021 молия йилини 2,2 трлн. сўм зарар билан якунлади ва молия йилини салбий кўрсаткич билан "ёпган" 4 та банкнинг бирига айланди. Банк ўтган йилни зарар билан якунлаган бўлсада, бу йилнинг биринчи чорагида ушбу зарар кўрсаткичини фойдага айлантира олди. 29 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида банк Бошқарув раиси биринчи ўринбосари Зафар Азимов I чоракни соф фойда билан якунлашлари кутилаётганини маълум қилди. Банк I чорак якуни бўйича 45,7 млрд. сўм, I ярим йиллик якуни бўйича 206,3 млрд. сўм ҳамда дастлабки 9 ойи якуни бўйича 327,2 млрд. сўм соф фойда кўрган.

Матбуот анжуманида амалга оширилаётган ишлар бўйича нутқ сўзлаётган Халқ банки Бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Зафар Азимов

Халқ банкидаги ўзгаришлар

Йил бошида Халқ банкининг бир нечта раҳбар лавозимларига янги номзодлар тайинланди. Улар орасида чет элда таҳсил олган ва фаолият юритган Ўзбекистон ватандошлари ҳамда чет эллик мутахассислар ҳам бор. Масалан, февраль ойида банкнинг Риск менежмент департаменти директори этиб ливанлик Mohamad Mrad Talal тайинланди.

8 февраль куни Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида Халқ банки филиали фаолият бошлагани маълум қилинди. Ушбу филиал Бўзатов туманидаги биринчи молия муассаси саналади.

Банк 2022 йилда 2 та мобил иловани тақдим этди. Биринчиси "Тезкор хабар" мобил иловаси ҳисобланади. Илова Халқ банки мижозларига тизимда банк ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилган ёки коррупцияга олиб келувчи ҳолатлардан банк раҳбарятини хабардор қилиш имконини беради. Илова Play Market'да беш минг мартадан ортиқ юклаб олинган. Иккинчи илова жисмоний шахсларга банк хизматлари кўрсатишга мўлжалланган Xalq Mobile иловаси саналади. Иловани яратиш бўйича 10 март куни etender порталига эълон жойлаштирилди. Эълонда Халқ банки мобил илова учун 6,55 млрд. сўм беришга тайёр эканлиги билдирилган. 29 март куни танлов якунланди. Илова ҳозирга қадар 500 минг мартадан ортиқ юклаб олинган. 10 май куни, Халқ банки ташкил қилинганига 147 йил бўлгани муносабати билан банк Xalq Mobile иловаси орқали онлайн омонат таклиф қилди. Қисқа муддатлик (3 ой) ушбу омонатнинг йиллик фоиз ставкаси 18,75 фоиз (банк ташкил қилинган йил 1875 йилга қиёсан) этиб белгиланган. Шунингдек, Xalq Mobile оммабоплигини ошириш мақсадида банк 1 июнга қадар илова орқали барча P2P ўтказмалари учун олинадиган комиссияни бекор қилди.

Апрель ойида Халқ банки Алоқа маркази @xbcallsupport Телеграм аккаунтини яратди. Аккаунт банкнинг алоқа маркази билан фақат телефон қўнғироғи орқали эмас, ҳозирда Ўзбекистонда оммабоп бўлган Телеграм тармоғи орқали боғланиш имконини беради. Айтганча, Халқ банки Алоқа маркази Жиззах шаҳрида жойлашган. Бу Бош офиси Тошкентда жойлашган банклар Алоқа марказларининг пойтахтдан ташқарида жойлашгани бўйича биринчи ва ягона ҳолат ҳисобланади.

Шунингдек, Халқ банк тез-тез банкнинг топ-менежменти иштирокида жонли эфирлар ўтказиб, кенг мижозлар қатлами томонидан бериладиган саволларга жавоб беришади.

Мирзаолим Дилшодов


×