Киберфирибгарликнинг янгидан янги шакллари — молиявий саводхонлик қанчалик долзарб?

Киберфирибгарликнинг янгидан янги шакллари — молиявий саводхонлик қанчалик долзарб?

Молиявий саводхонлик, киберфирибгарлик! Охирги вақтларда ушбу жумла қулоғимизга тез-тез чалинадиган бўлди. Хўш, молиявий саводхонлик ўзи нима? 

Молиявий саводхонлик молиявий бошқарув, шахсий бюджетни назорат қилиш ҳамда сармоя ётқизишни ўз ичига оладиган турли хил молиявий кўникмаларни тушуниш ва самарали ишлатиш қобиляти ҳисобланади. Молиявий саводхонликнинг маъноси одам чўнтагидаги пулни ва унга бўлган муносабатни англатади.

Жиноятчиликнинг кибер оламга, онлайн форматга ва 24/7 режимга кўчиши охирги йилларда, айниқса, авж олди. Бунинг сабабларидан бири молиявий хизматларнинг, маҳсулотларнинг кўлами ортиб, кенг аҳоли қатламлари орасига кириб бораётгани ҳисобланади. 2018 йилда имзоланган ПҚ-3620 сонли қарор билан банклар хизматлари оммапоблиги ошиб бормоқда. Аҳоли кўз ўнгида банклар "эшик тагида милиция ходими ёки банк қўриқчиси қарши оладиган, паспорт билан киритиладиган" муассасадан исталган одам фойдаланадиган, кенг оммага хизмат кўрсатувчи бизнес субъектига айланиб борди.

Ўтган давр мобайнида TBC Bank, ANORBANK каби рақамли банкларнинг ўз хизматларини кўрсатиб бошлаши, анъанавий банкларнинг чакана хизмат кўрсатишга эътибор бериши ортидан банкларнинг мобил иловалари ҳам такомиллашиб бормоқда. Натижада банк хизматлари фойдаланувчилари ортиб борди. Масалан, 1 ноябрь ҳолатида ANORBANK томонидан эмиссия қилинган банк карталари сони 1,03 млн. донани ташкил қилмоқда ва банк хусусий банклар орасида муомаладаги карталари сони миллиондан ошган учинчи банкка айланди.

Шунингдек, COVID-19 пандемияси даври ҳам масофадан туриб банк хизматларидан фойдаланувчилар сонини кескин оширди. Фойдаланувчилар сонининг ортиб бориши, киберфирибгарликнинг ҳам ортишига олиб келади. Бу борада аниқ статистика юритилмаса-да, лекин кимнингдир картасидан маълум сумма пулни ечиб олишаётгани тўғрисида кунда-кунора хабарлар эшитяпмиз. Ўзимнинг учта танишим шундай фирибгарлик қурбони бўлган (Улардан бири укам). Табиийки бундай шароитда молиявий саводхонликнинг аҳамияти янада ортади.

Келинг ҳозирда мавжуд бўлган ва аҳолини чув тушираётган киберфирибгарлик шакллари ва уларга қарши курашиш чоралари ҳақида фикрлашамиз.

Киберфирибгарликнинг шакллари турлича бўлсада, уларга қарши курашнинг энг осон шакли бор. Банк картаси маълумотлари (амал қилиш муддати, ушбу карта бириктирилган телефон рақамга келган бир марталик смс код) ни ҳеч кимга маълум қилмаслк ҳисобланади. Бу ерда "маълум қилмаслик" деганда, у кодни ҳеч кимга оғзаки ёки телефон орқали айтмаслик, Телеграм ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали уларни улашмаслик, турли хил шубҳали сайтларга банк картаси маълумотларини киритмаслик назарда тутилмоқда.

Оммавий электрон савдо платформалари орқали фирибгарлик қилиш

Киберфирибгарликнинг биринчи шакли, оммавий электрон савдо платформалари, хусусан olx.uz сайти, турли телеграм каналлар орқали савдоларни амалга ошириш. Сценарий қуйидагича: фирибгар электрон савдо платформасида ўз буюмини сотувга қўйган одам билан харидор сифатида мулоқотга киришади (кўпинча рус тилида). Мулоқот давомида фирибгар сотувчига ўзининг бошқа шаҳарда эканлигини айтиб, буюмни курьерлик хизматлари (Yandeks.Go ёки BTS Почта) дан бериб юбориш кераклигини, келишув суммаси ва етказиб бериш хизмати нархини Яндекс ёки BTS сайтига киритганини, сотувчи у юборган ҳаволага кириб, пулини олиши мумкинлигини билдиради. Сотувчи эса ҳаволага киради ва машҳур курьерлик компаниялариникига ўхшатиб яратилган, сохта сайтга дуч келади. Сайтда сотувчига карта рақами, амал қилиш муддати ва телефон рақам киритиш сўралади. Сотувчи сўралган маълумотларни киритгач, телефон рақамига бир марталик смс код келади. Сотувчи ушбу кодни ҳам сохта сайтга киритгач, ҳисобидаги барча маблағлар ечиб олинади. Юқорида айтилгандек, бу ерда ҳам смс кодни ҳеч кимга маълум қилмаслик қоидаси бузиляпти, қурбон ўз хоҳиши билан карта маълумотларини бегона одам — фирибгарга беряпти.

Yandex сайтининг сохта варианти. Сайт домени сифатида .site кўрсатилган. Сайт номидаги Yandex, payuz каби ёзувлар оддий одамларни чалғитади. Фото: t.me/kurbanoffnet


Ҳукумат тарқатаётган бир марталик ёрдам

Иккинчи шакли ҳукумат ёш болали оилаларга, турли хил дафтарларга кирган одамларга пул тарқатаётгани ҳақидаги фейк хабар. Ушбу фирибгарлик шакли ҳам биринчи шакл билан бир хил: Сохта сайт, у сайтга карта маълумотларини киритиш ва пулларни ўзлаштириш. Ушбу фирибгарлик шакли ҳақида мана бу ерда муфассал ёзилган.

Фото: Kun.uz


Банкларнинг арзон кредитлари

Яна бир шакл тижорат банкларидан арзон кредитлар берилаёгани ҳақида фейк хабар. Бундай хабарлар Facebook'да, Инстаграмда ва Телеграмда кенг тарқалган. Хабар мазмуни тижорат банки томонидан арзон кредитлар ажратилаётгани ва уни олиш учун банк картаси маълумотлари киритилишидан иборат. Лекин маҳаллий тижорат банклари бу турдаги фирибгарликка қарши курашиши ортидан, Ўзбекистон банклари номидан чиқариладиган бундай хабарлар сони анча камайган. Одамларнинг молиявий саводхонлиги ортиб бориши эса бундай хабарларни банкларнинг расмий сайтлари ёки ижтимоий тармоқ каналларидан текшириб боришига олиб келяпти.

Шу сабабли фирибгарлар маҳаллий банклар номидан эмас, балки хорижий банклар номидан сохта хабарлар чиқаришмоқда. Масалан, Франциянинг Durandbank'и номидан. Очиқ маълумотлардан ушбу банк ҳақида тўғри маълумот топа олмадик.

ФранЦанинг Дурандбанки билан тузиладиган "кредит шартномаси". Фото: Bankers.uz

Банк номидан durandbnk.com сохта сайти, Facebook, Инстаграм, YouTube саҳифалари яратилган. Банк "расмий сайти" ўндан ортиқ тилларда, хусусан рус, ўзбек, қозоқ, қирғиз тилларида юритилишидан унинг сохталигини ва бундай фирибгарлик МДҲ миқёсида амалга оширилаётганини билиш мумкин. Чунки француз ширкатларининг ҳақиқий сайтлари фақатгина француз тилида ёки француз ва инглиз тилларида юритилади. Уларнинг маҳсулотлари француззабон (франкафон) аҳоли учун мўлжалланган. Улар Европанинг марказидан туриб, Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси учун кредит беришни ўйламайди. Қайд этиш лозимки, ушбу фирибгарлик компанияси ҳозирга қадар амалга оширилган фирибгарлик шаклларидан бир поғона устун ҳисобланади ва молиявий саводхонлиги бироз бўлган фойдаланувчиларни ҳам чалғитишни эплай олади. Масалан, олий маълумотли бир танишим, шу банк ҳақида мендан сўраганди ва унинг сўровидан кейин банк ҳақида ўрганиб, электрон платформалардан мавжуд бўлган ушбу банкдан ҳайратга тушгандим.


"Click'дан телефон қиляпмиз"

Телефон орқали киберфирибгарлик шакли бироз "модадан" қолган бўлсада, лекин у ҳамон бор. Сценарий қуйидагича: Мижозга қўнғироқ қилиб, фирибгар ўзини банк ёки тўлов ташкилоти (масалан Click, Payme) ходими сифатида таништиради. Мижознинг картасига фирибгарлар уланиб олганини ва смс кодни "банк ходими" га айтишни сўрайди. Мижоз ушбу маълумотни бегона шахсга бергач, ҳақиқатдан ҳам кибер фирибгарлик қурбонига айланади. Бундай турдаги фирибгарликка алданиб қолмаслик учун блогер Шуҳрат Қурбонов яхши тавсия берган. "Бегона рақамдан қўнғироқ қилиб, сиздан карта маълумотлари ёки смс кодни сўрашганда, улар қандай вазият тўғрисида гапиришидан қатъий назар, телефон гўшагини қўйинг ва 5 дақиқа ўйлаб олинг. Фирибгарлар сизни турли психологик ҳолатларга туширган бўлади ва мана шу 5 дақиқада сиз карта маълумотларини бегона одамга маълум қилиш фикридан қайтасиз", деган эди Ш. Қурбонов.


Молиявий саводхонлик

Фирибгарлик, киберфирибгарликка қарши курашиш борасида турли ташкилотлар ишламоқда. Бош прокуратура, ИИВ, Марказий банк ва тижорат банклари турли даражада киберфирибгарликка қарши курашишмоқда. ИИВда алоҳида Киберхавфсизлик маркази фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Лекин, бундай фирибгарликка қарши курашишнинг энг яхши йўли аҳолининг молиявий саводхонлиги ҳисобланади. Чунки фирибгарлар банк ва тўлов тизимидаги [ҳозирча] энг заиф бўғин банк карта эгасини "бузишмоқда". Улар банк тизими ёки тўлов тизимидаги заифликлардан, баглар фойдаланиш орқали эмас, балки ўша тизимдаги одамнинг фикрини турли усуллар билан чалғитиб, керакли маълумотларни қўлга киритишмоқда. Аҳолининг молиявий саводхонлиги ортиб бориши эса, тизимдаги заиф бўғин бўлган оддий одамларни кучайтиради ва улар ўзларининг карта маълумотларини ҳеч қандай каналлар орқали учинчи шахсларга маълум қилишмайди.


Банк тизимининг молиявий саводхонликни оширишдаги ўрни

Марказий банкда Молиявий саводхонликни ошириш департаменти ташкил этилган. Департаментнинг finlit.uz сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали аҳолини молиявий саводхон қилиш, банк ва молия тизими хизматлари билан танишиш мумкин.

Бундан ташқари тижорат банклари, хусусан АТ "Халқ банки" турли ўқув муассасаларида ўқувчилар билан учрашиб уларга молиявий саводхонлик сирларини очиқ дарс, тадбирлар кўринишида ўргатишмоқда. Халқ банки ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали киберфирибгарлик турлари ва уларга алданиб қолмаслик усулларини улашмоқда. Шунингдек, банк томонидан Uzreport телеканали ва Oriat dono радиоканали билан ҳамкорликда молиявий саводхонликни оширишга қаратилган теле ва радиолойиҳаларни йўлга қўйган.

Фото: Халқ банки


Унутманг, банк картаси, электрон ҳамён ёки шу каби воситаларда сақланаётган пуллар ҳам қоғоз банкнотлар билан бир хил қийматга эга. Картадаги пул ҳам сизнинг пешона терингиз эвазига келган. Етарлича молиявий саводхонликка эга бўлсангиз, ушбу пулларни қанақадир фирибгарлар ўзлаштириб олишига йўл қўймайсиз. Нақд пулингизни ўғрилар, фирибгарлар тортиб олмаслиги учун чўнтакка эътиборли бўлиш, пулни сейфда сақлаш каби ҳатти-ҳаракатларни амалга оширганингиз каби, банк картасидаги пулларингизга ҳам ҳушёрроқ бўлинг. Уларни смс кодни бегонага айтиш орқали ҳимоясиз қолдирманг.

Бугун кўпроқ киберфирибгарлик ва уларнинг шакллари тўғрисида гаплашдик. Офлайн тарзда одамларнинг молиявий саводсизлигидан фойдаланиб, пул ишлаётганлар, фирибгарлик қилаётганлар ҳақида кейинги мақолаларда тўхталамиз.


Мирзаолим Дилшодов


×