Октябрь ойида муомаладаги банк карталари сони 576 минг донага кўпайди

Октябрь ойида муомаладаги банк карталари сони 576 минг донага кўпайди

Ўзбекистон Марказий банки муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-октябрь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

Октябрь ойи давомида пластик карталар 576,8 минг донага кўпайиб, уларнинг жами сони 32,4 миллион донадан ошди. Бу ойда эмиссия қилинган карталар сони бўйича энг кўп ўсиш Агробанк (86,0 минг дона), ANORBANK (70,3 минг дона), "Ипак Йўли" банки (61,6 минг дона), TBC Bank (61,3 минг дона) ҳамда Ипотека-банк (53,4 минг дона) да кузатилган.

Лицензияси чақириб олинган Туркистонбанк (-39,5 минг дона) ҳамда Hi-Tech Bank (-26,6 минг дона) лар эмиссия қилган карталар умумий статистикадан чиқарилган. Хусусий банклар орасида 1 миллиондан ортиқ пластик карта чиқарган банклар сони яна биттага кўпайган. Hamkorbank ҳамда "Ипак Йўли" банкларидан кейин ANORBANK ҳам "миллионлик довон" дан ўтган.

Ўтган ойдаги каби бу ойда ҳам терминаллар сонида эса камайиш қайд этилган — 1 819 дона. Тугатилган Туркистонбанк (-1 318 та) ва Hi-Tech Bank (-365 та) лардан ташқари яна 12 та банкка тегишли терминаллар сонида камайиш кузатилган, 4 та банкда эса ўзгаришсиз қолган.

Ўзбекистонда 2022 йил октябрь ойида банкоматлар ва инфокиосклар сонида 388 та ўсиш қайд этилди. Бу рақам асосан тўлов ташкилотлари (310 дона), Халқ банки (155 дона), Инфинбанк (23 дона) лар ҳисобига шаклланган. Шунингдек, 7 та банк — MKBANK, Hamkorbank, Трастбанк, Давр-банк, Ориент Финанс банк ҳамда Туркистонбанк, Hi-Tech Bank'ларнинг ўрнатган банкомат ва инфокиосклар сонида камайиш бўлган бўлса, 14 банк томонидан ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сонида ўзгариш кузатилмаган.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида терминаллар орқали тушган тушумлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ўрнатилган терминаллар орқали бир ой давомида ўртача 33 млн. сўм атрофида тушум тушган.

Банклар кесимида муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда 2022 йил январь-октябрь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида барча маълумотларни қуйидаги жадвал орқали кўриш мумкин.

×